ИМОМ БАҲРА ОТА

ИМОМ БАҲРА ОТА

Аллоҳнинг ҳар бир бандаси ўз Ватани тарихини, хусусан, ана шу муборак масканнинг ажралмас бир парчаси бўлмиш ўзи туғилиб камолга етган мўътабар диёр тарихини билиши бениҳоя зарур. Шунингдек, ҳар бир киши ўзи улғайган замин ҳудудидаги зиёратгоҳлар ҳамда ҳадиси шарифда ёзилганидек, ҳар бандага охиратни эслатадиган мозорларда тупроқ бўлиб ётган азиз авлиёлар тўғрисида мукаммал тасаввурга эга бўлмоғи шарт. Чунки бу ҳар бир кишининг инсоний бурчидир.

XX асрнинг биринчи чораги охирларида сиёсий майдондаги кураш ўзгача тус олди. Ғалаёнлар жараёнида кучайган жангу жадаллар туфайли юз берган даҳшатли тўнтариш ўз ҳукмини ўтказди. Занжирлари зил, дардчил эрксизлик ҳамда билмаслик заминида кўпчиган нодонлик сабабли тафаккур осмонини шубҳалар пардаси қоплади. Армонли йиллар соясида тасаввурлар  бирмунча хира тортди.

Билмаслик – сўнгсиз чоҳ, милт этган учқунга маҳтал зимистон. Шубҳа исботни тақозо қилади. Далилнинг қудрати улкан. Улуғ бобокалонимиз Абу-р-Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний таъкидлаганларидек, “бир ҳукмнинг далили баданнинг жони ўрнидадир. Бу икки тур (тасдиқлаш ва ислоҳ қилиш) билан ҳақиқий илм ҳосил бўлади, чунки жон ва бадан мажмуи билан инсон шахси комил суратда кўринганидек далил ва аниқлик ҳақиқий илмга хосдир”.

Қадимий Зиёвуддин воҳаси заминидаги Қалъаи Дабуснинг сўнгги ва ягона ёдгорлиги бўлмиш Имом Баҳра ота хонақоҳи ҳам тўнтариш даври зарбасига дучор бўлди. Алғов-далғовли йилларда юз берган ётсирашлар туфайли бинога дарз кетди. Салобатли ва чиройли ғиштин иморатнинг бағрида ёриқлар пайдо бўлди, нураган бинонинг айрим жойлари ўпирилиб тушди. Беш юз йиллардан буён минг-минглаб мусулмонларнинг муборак зиёратгоҳи бўлган муқаддас маскан қисқа давр жараёнида қаровсиз ва кўримсиз жойга – эл назаридан қолган харобага айланди. Боболарнинг катта умидлар билан тошларга битган ёзувлари сирли ва мураккаб жумбоқ бўлиб қолди.

Мақбаранинг пайдо бўлишини арабларнинг қўшин тортиб келган даврига боғлашади. Араблар бутун оламга машҳур Дабус шаҳрини қўлга киритишда анча қийнчиликларга дуч келади. Турклар билан араблар ўртасида давом этган даҳшатли жангларда иккала томондан ҳам кўплаб кишилар нобуд бўлади. Қудратли қўшинга эга бўлган араблар маҳаллий аҳолининг қаршиликларини бартараф айлаб шаҳарни забт этади, исёнчиларни қатл қилади. Истилочилар томонидан мамлакат эгаси – Дабусшоҳни қўлга тушириш мақсадида қалъанинг тўрт дарвозасига ҳам назорат қилиш учун ишончли кишилар масъул қилиб белгиланади. Араб лашкарбошисининг фармойишига кўра, қалъадан бирор киши ташқарига чиқарилмайди. Дабусшоҳни қидириб шаҳарнинг марказини ўраб оладилар. Ҳукмдор истиқомат қиладиган қўрғон – аркдан уни топа олмайдилар. Дабусшоҳнинг махфий равишда қалъадан чиқиб кетганлиги маълум бўлади. Ғазабланган лашкарбоши шаҳар аҳолисини қатл эта бошлайди. У “Дабусшоҳ топилгунча унинг қавмини қиличдан ўтказиб, қонини ариқдаги сувдай оқизаман”, деб онт ичади. Беҳисоб кишиларнинг бемаврид қирилишидан чўчиган Дабусшоҳнинг қизи шундай дейди: “Эй лашкарлар амири! Одамларни хунига зомин бўлма, онтингдан қайт, яширинган отамни топиб бераман. Лекин шартим шуки, мени ўз никоҳингга ол. Шунда сенинг дининг – исломни қабул қиламан”.

Лашкарбоши дабусийлик соҳибжамолнинг шартига рози бўлади. Уни ўз никоҳига олади. Эртаси куни қиз ўша саркардани қўшини билан бирга дарёнинг ўнг томонидаги Ноғора кўлга бошлаб боради. Кўлда қамишдан ясалган най орқали нафас олиб қамишзор орасида сув остида жон сақлаётган падари бузрукворини кўрсатади. Саркарда йигит Дабусшоҳни қалъага олиб бориб қандай йўл билан шаҳардан чиқиб кетганлигини сўрайди ва ислом динини қабул қилишини талаб қилади. Хотини ҳам, қизи ҳам отасига ялиниб-ёлворишади. Аммо ҳукмронлик даврида ҳам қайсарлиги билан ном чиқарган Дабусшоҳ талабни рад этади, мажусий динида қолажаклигини айтади. Лекин у қалъадан қандай чиқиб кетганлигини сир тутади. Шундан кейин уни қатл этишади.

Синчков ва тадбиркор кишилар ўтган кечаларининг бирида ғарбий дарвозадан бир оқсоқ ит судралиб чиқиб кетганлигини эслашади. Маълум бўладики, Дабусшоҳ ғарбий, яъни қибла дарвозадан чиққан. У катта бир итнинг терисини шилдириб, моҳир усталарга ўз жисмига мослаб тикдирган. Кейин шаҳарда ҳамма ухлаётган ярим тунда яра босиб, қуртлаб сасиган ит қиёфасида тўрт оёқлаб оқсоқланиб қалъадан чиқиб, дарё орқали Ноғора кўл томон равона бўлган.

Ғарбий дарвозада қўриқчиларга бошчилик қилган Абу Боҳир тунда одам эмас, ҳақиқатдан ҳам ит чиқиб кетганлигини тан олган. Масаланинг моҳиятига етган саркарда ўша заҳоти қиличини қинидан суғуриб, сардорни бошини танасидан жудо қилган. Сўзи бўғзида қолган Абу Боҳирнинг калласиз жасади ерга қулаб тушган. Узилган бош эса ер устида қип-қизил қонли из қолдириб анча жойга юмалаб борган. Кейинчалик бу маскан муқаддас зиёратгоҳга айланган.

Абу Боҳир довюрак ва жасур сардор бўлган, айни вақтда ислом дунёси қонуниятларини жуда яхши билган. Олижаноблиги туфайли доимо иши ўнгидан келадиган бу тақводор йигитни ўз юрти Арабистонда Абу Боҳир дейишган.

Араблар қўшини Дабус қалъасини забт этишгач, қўрғонда илк бор намоз ўқишганда Абу Боҳир имомлик қилган. Шу тариқа у имом Абу Боҳир – имом Боҳир ота деб ном олган. Кейинчалик маҳаллий аҳоли ул валиуллоҳни имом Абу Баҳра – имом Баҳра ота деб аташга одатланган.

Мовонауннаҳрда бу азиз зотни Абу Баҳра, яъни Аллоҳ таолонинг барча неъматларидан баҳраманд ота деб улуғлашган.

Албатта булар турли давраларда халқ томонидан тўқилган ривоятлар.

Мақбарани Абу Ҳурайра номи билан боғлаб ривоят қилишади, аммо бу ҳақиқатга мутлақо зид ривоят. Манбаларда ёзилишича, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Ўрта Шарққа келмаган, Мовонауннаҳрда хам, Хуросонда ҳам бўлмаган.

Ул зот Арабистонда Мадинаи мунаваррада дафн этилган. Аммо Шарқ мамлакатларида илми ҳадис билмдонларидан саналмиш ул ҳазратнинг муборак номларига нисбат берилган мақбаралар мавжуд. Шимолий Афғонистонда Задиан яқинидаги мақбара, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Оқ Остона бобо мақбараси ҳам Абу Ҳурайра номи билан боғлиқ зиёратгоҳлардир.

Имом Абу Баҳра – имом Баҳра ота қатл этилиб, дафн қилинган бу манзил муқаддас қадамжога айланган. Шундан буён Имом Баҳра ота улуғ авлиё сифатида эъзозланиб келинмоқда.

Мўйсафид Шарқ билан навқирон Ғарбни ўзаро туташтирган қадимий Буюк Ипак йўлининг ёнгинасида тикланган Имом Баҳра ота мақбараси бутун дунё мамлакатларига холис ва беғараз йўл кўрсатиб тургандай ҳолатда жойлашган. Бир-бирига ўхшаш иккита баланд пештоқ ва уларни ўртасидаги улкан гумбаз ғоят салобатли ва ҳашаматли бўлиб, бинони муайян кўриниш ва жозибадор кўркамлик билан таъминлаган. Юксак пештоқлар, нафис гумбазлар ва уларни ўзаро муносиблиги зиёратхонани жуда ҳам маҳобатли қилиб кўрсатади.

Хонақоҳ Зарафшон водийсининг нодир осори атақаси ҳисобланади. Бино истеъдодли халқ усталари томонидан қадимий шарқ меъморчилигининг ўзига хос услублари асосида нозик дид ва юксак маҳорат билан бунёд қилинган. Гўзаллик ва улуғворликнинг уйғунлашуви муҳташам бинога янада сайқал бахш этган. Меъморчиликнинг маҳаллий анъаналарини ўзида мужассам этган муқаддас зиёратгоҳ аждодлар санъатининг хозиргача сақланиб турган, XVI асрга оид нодир ва ноёб намунасидир.

Имом Баҳра ота хонақоҳи қурилиши жиҳатдан XVI аср ёдгорликларига хос хусусиятларга эга. Айниқса, Карминадаги Қосим шайх, Тим қишлоғидаги Оқ мачит, Зирабулоқ тоғлари бағридаги Остона ота, Дабус қалъасидаги  Имом Баҳра ота тарихий ёдгорликларига гумбаз, пештоқ, елканлари қурилишлари, умуман, биноларнинг ички ва ташқи жиҳатларидан бир-бирига ўхшаш томонларга эга.

Имом Баҳра ота хонақоҳи Абдуллахон даврида – XVI асрнинг сўнгги чорагида қурилган. Бинонинг умумий кўлами, тарихий кўриниши ўзига хос. Меъморий, бадиий сифатлари билан улуғвор ҳамда муҳим эътиборга лойиқ.

Бутун дунёга машҳур ва маълум бўлган Қалъаи Дабусдан бугунги кунда ягона ёдгорлик – Имом Баҳра ота хонақоҳи қолган.

Нақл қилишларича, авлиё деб эътироф этилган ул мўътабар зот – Имом Баҳра ота ўзининг қони тўкилган ўша йўлнинг рошида дафн этилган. Авлиёнинг жасади ердан лаҳад қазиб қўйлган.

Яна ривоят қиладиларки, дафн этилгандан кейин мўжизавий ҳолат юз берган. Мўътабар ул зотнинг жасадлари ақл бовар қилмаёдиган даражада чўзилган. Марҳумнинг оёқлари ўша дафн этилган жойда қолган, боши эса чўзилиб шимолий томондаги беш метрлар узоқликдаги катта ва қадимий мозорга етган.

Имомнинг боши чўзилиб тўхтаган жойга сағана қурилган. Орадан неча-неча асрлар ўтиб Абдуллахоннинг олий фармони билан ҳашаматли мақбара бунёд этилган.

Мармартош четларига қуйидаги дуолар ёзилган: Бисмиллоҳир роҳманир роҳим. Субҳонака анта Аллоҳ ар Роҳман. Ар роҳийм Субҳонака анта Аллоҳ. Ал олий ал азим субҳонака анта Аллоҳ. Ал малик ал қуддус. Субҳонака анта Аллоҳ ал холиқ. Ал бариъ Субҳонака анта Аллоҳ. Ал жаббор ал мутакаббир субҳонака. Анта Аллоҳ ал мусаввир ал ҳаким субҳонака. Анта Аллоҳ ал басиру ас самиъу.

Мармартошнинг юқори қисмида катта ҳрфлар билан калимаи тойиба битилган: Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулу-ллоҳ.

Арабий ёзув остида 2 қатор қилиб кунгуралар нақши солинган. Унинг тагида қуйидаги ёзув жойлаштирилган: Субҳонака анта Аллоҳ ал ҳаййу ал қаййум.

Мармартошнинг қолган қисми тўрт бурчак ичига олиниб, нақшлар билан безатилган. Моҳирона чизилган гумбаз ичида чиройли ёзув ёдгорликнинг кўркига кўрк қўшган: Ҳоза ал марқад. Ал мағфур, ал марҳум. Ва ҳозо равзатун мин риёзил жинон. Машҳаду имом Аъзам имом Бохир фи жаннатин Олийаҳ кутуфуҳа донийаҳ ва асканаҳу Аллоҳу фи жаннатин Фит-таърихи саната Ал Сано алф мин ал ҳижрияти.

Таржимаси:

Бу қабр гуноҳларни мағфират қилинган марҳумлар мозоридир. Бу жаннатнинг сокин боғларидандир. Шаҳид имом Аъзам ва имом Боҳирларга Аллоҳ таъоло узилган мевалари яқин келиб турувчи олий жаннатдан жой берсин. Таърихи: ҳижрий 1008 (мелодий 1594) йил.

Мармартошнинг орқа томонида катта ҳарфлар билан улуғ ҳикмат битилган: Ҳува ал ҳаййу ал лази ло йаму ту ал боқий (У (Аллоҳ) ўлмас, боқий барҳаёт).

Мақбаранинг жанубий томонида Буюк Ипак йўлининг шундайгина рошида марҳум жасади қўйилган қабр устига катта мармартошдан ёдгорлик ўрнатилган.

Маҳаллай аҳоли ўртасида шундай ривоят бор. Айтишларича, Имом Баҳра ота мақбарасини бунёд этишда юрт беги ва унинг ўғли ташаббус кўрсатиб жонбозлик қилган. Бино қурилиши учун кетган харажатлар суммасини тўлашни ўз зиммасига олган ва буни тўла уддасидан чиққан. Аммо тақдир тақозоси билан уларнинг иккаласи ҳам шаҳид бўлишган. Марҳум бекнинг васиятига кўра, қурбон бўлган ота ва ўғил Имом Баҳра отанинг оёқ учи томонига дафн этилган. Қалъаи Дабус замини учун – эл манфаати учун шаҳид бўлган Амир Султон Аҳмад бий ва унинг ўғли Мир Аъзам жасади қуйилган ўша жойга юрт оқсоқоллари ёдгорлик ўрнатишган. Гарчи ёдгорлик Имом Баҳра ота мақбарасидаги мармартошга кўп жиҳатдан ўхшаш бўлса ҳам шаҳидларнинг васиятларига биноан марҳумлар жасади устидан сағана тикланмаган.

Мармартош Имом Баҳра отага ёдгорлигига айнан ўхшаш  ҳолатда тикланган. Ер устидан пишиқ ғишт терилиб таглик қилинган. Устидан узунлиги 1,83 см, эни 63 см, қалинлиги 13 см ўлчамли мармар тахта жанубий томонга сал қия ҳолатда ётқизилган. Унинг устига силлиқлаб пардозланган тўрт бурчакли катта мармартош қўйилган.

Кўк тошнинг ҳажми қуйидагича: узунлиги 1,63 см, эни 36 см, баландлиги шимолий томони 50 см, жанубий томони эса 48 см. Ёдгорликнинг устки қисм четлари бўйлаб айланасига тўрт бурчакли шакл чизилган. Ўткир дид билан ҳошияланган сағана тоши ўртадан икки жойдан нафис нақшлар билан бирлаштирилган ва арабий ёзувлар чиройли безатилган.

Кўк тошнинг четларига қуйидаги дуолар ёзилган:

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм, Субҳона анта Аллоҳ ар Роҳман Ар Роҳийм. Субҳонака ал олий. Ал малик ал қуддус. Субҳонака. Анта Аллоҳ субҳонака. Бориъу субҳонака анта Аллоҳ. Ал жаббор ал мутакаббир Субҳонака. Аллоҳ ал мусаввир ал ҳалим. Субҳонака анта Аллоҳ ас самиъу Субҳонака анта Аллоҳ ал ҳалим. Субҳонака анта Аллоҳ ал бадиъ. Ал азим субҳонака анта Аллоҳ. Субҳонака анта Аллоҳ ал ҳаййу Ал қаййуму субҳонака анта Аллоҳ ал борий.

Кўк тошнинг олд қисми – жанубий томонида қуйидаги ёзув мавжуд: Фит – таърих самани алфин санатин мин ал ҳижрия. Чу ал марқади ту кард азиз, яъни ин чашми дарё кард рез.

Таржимаси:

Таърихи: ҳижрий 1008 (мелодий 1594) йил.

       Қабрингни қанчалар айласам азиз,

       Кўз ёшим дарёдай қуйилар ҳар кез.

Кўк тошнинг шимолий томонида ғиштдан терилган таглик устидан ҳажми 60х63 см. ўлчамли, қалинлиги 13 см бўлган мармартош қия ҳолатда ётқизилган. Бу мармартош устидан орқага – шимолга сал энгашган ҳолатда мармар тахта тикланган. Унинг қалинлиги 11 см, эни 54 см, баландлиги 1,88 см.

Зиёратга келувчи беҳисоб художўй бандаларнинг неча асрлар давомида тошни қўллари билан атайин ушлаб тавоф қилишганлари натижасида тошга ўйиб ёзилган ҳарфларнинг айримлари қисман ўчган, тош силлиқланиб ойнадек ялтираб қолган.

Қабр тошининг бутун юзаси сулс услубидаги араб ёзуви билан қопланган бўлиб, бу сангтарошнинг юксак санъат соҳиби эканлигидан далолат беради.

Мармартошнинг четларига арабий имлода қуйидаги дуолар битилган: Бисмиллоҳир роҳманир ар роҳийм. Субҳонака. Иннака Аллоҳ ар Роҳман ар роҳийм субҳонака. Анта Аллоҳ ал олий. Ал Азим субҳонака, Субҳонака анта Аллоҳ ал ҳаййу ал қаййум. Субҳонака анта Аллоҳ ал мусаввир ал ҳалим. Субҳонака анта Аллоҳ ал басиру ас самиъу. Иннака Аллоҳ ал малик ал қуддус. Субҳонака анта Аллоҳ ал бадиъ.

Мармартошнинг юқори қисмига йирик ҳарфлар билан калиман тойиба чиройли қилиб кўчирилган: Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулу-ллоҳ.

Арабий ёзув остидан ўйиб 3 қатор кунгуралар ишланган. Унинг тагидан мармартош четидаги ёзув шаклида қуйидаги дуо битилган: Субҳонака анта Аллоҳ ал холиқ ал бариъ

Шарқона нақшлар билан зеб берилган гумбаз ичида қуйидаги ёзув арабий имлода чиройли қилиб битилган: Ҳоза ал марқад ал марҳум ал мағфур ал мабрур. Ҳозаравзатул курло амирони хос. Рафиқуҳу ходима Ҳадикуҳу. Умму ризвон ва сакинатҳу-ллоҳ. Раббу жаннатил олий аҳ қутуфа дуниъя машҳаду амиру-ллоҳ. Илайҳи Мир Аъзам зу самаржад арваҳин бин Амир Султон Аҳмад бий ғаффаро-ллоҳу. Зунуба ҳума сатара уюбаҳума фи тарихиҳи. Алфин ситтата мин ал ҳижрият ал набавийа саллаллоҳу алайҳи.

Таржимаси: Бу қабр гуноҳлари мағфират қилинган марҳумлар мозоридир. Унинг йўлдоши, ходими ва парвариш қилувчиси, боғларининг боғи ва Аллоҳ томонидан тайинланган манзилгоҳи. Барча жаннатларнинг эгаси – Аллоҳ амри билан дунёни тарк этганларнинг муборак шаҳидгоҳи. Илоҳо Амир Султон Аҳмад бий ва ўғли Мир Аъзам руҳларини улуғлаб, уларнинг гуноҳлари ва айбларини Парвардигор ўзи кечирсин. Таърихи: Ҳижрий 1006 (мелодий 1592) йил.

Салла-ллоҳу алайҳи.

Ёдгорликнинг орқа томонида нафис ҳарфлар билан улуғ ҳикмат битилган: Ҳува ал қаййу ал лази ло йамут. (У (Аллоҳ) ўлмас барҳаёт).

Имом Баҳра ота ярим минг йилдан буён салобат солиб турган мўъжизавий тарихий ёдгорлик.

Имом Баҳра ота мақбараси – ўқилмаган китоб, ўрганилмаган сирли хазина.

Икки минг уч юз йиллик тарихга эга бўлган қадимий маскан Қалъаи Дабус бағридаги Имом Баҳра ота – муқаддас ва мўътабар зиёратгоҳ...


Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Исмат Санаев. Зиёвуддин тарихи. Шарқ нашриёт-матбаа концернининг бош таҳририяти, - Тошкент: 1995, 348 б.
  2. Исмат Санаев. Бу кўҳна дунё. Адолат нашриёти, – Тошкент: 1996, 104 б.
  3. Исмат Санаев. Самарқанд, бу- Самарқанд. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутбхонаси нашриёти, - Тошкент: 2007, 92 б.
  4. Исмат Санаев. Имом Баҳра ота. Зарафшон нашриёти, – Самарқанд: 1999, 28 б.
2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM