Туман тарихи

 

ТУМАН ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

1935 йил 9 февралда Пахтакор, 1973 йил 12 апрелда Пахтачи номи билан ташкил этилган.

Пахтачи - пахта етиштириш билан шуғулланувчи маъносини англатади.

Маркази – Зиёвуддин шаҳарчаси.

Умумий майдони – 1,38 минг км2

Туман ҳақида батафсил

Зарафшон водийси – жаннатмакон диёр. Водийнинг ўрта қисмида жойлашган Зиёвуддин воҳаси кўркам, сўлим масканлардан ҳисобланади.

Зиёвуддин воҳаси узоқ ўтмишга эга. Воҳа 2 минг уч юз йилдан кўп вақт жараёнида Дабусқалъа номи билан машҳур бўлган, 100 йиллар давомида Зиёвуддин деб юритилган. Кейинги йиллар ичида гох Нарпай, гоҳ Пахтакор, яна Нарпай номи билан аталган.

1926 йилда Нарпай тумани ташкил этилгандан кейин марказ Мир қишлоғига кўчирилган. Ўшандан бошлаб Зиёвуддин марказ эмас, оддий шаҳар бўлиб қолган.

Воҳа ҳудудидаги Тошкўприк қишлоғидан ўтган темир йўл станцияси Зиёвуддин номи билан юритилган. Ана шу тариқа аҳолиси кўчиб кетган Зиёвуддин – Дабусқалъа – Зиёвуддин шаҳри харобага айланган.

1973 йилда Пахтачи тумани ташкил этилгандан буён воҳанинг шарқий қисми Нарпай, ғарбий қисми Пахтачи деб юритилмоқда.

Гўзалларнинг харидори кўп бўлганидек Зиёвуддин воҳаси гоҳ Самарқанд, гоҳ Бухоро ихтиёрида бўлди.

Олис-олислардан назар солсангиз воҳа ўнг қўлини узатиб Зирабулоқ тизма тоғларини бунёд этган, чап қўлини узатиб Зиёвуддин тизма тоғларини яратган, оёқларини Зарафшон соҳилига қўйиб, бағрида сўлим гўша бунёд этган; Нарпайни белига олтин камар қилиб боғлаб, елкасига Қарнаб чўлларини олган гўзал ва нуроний сиймога ўхшайди. Воҳанинг бағрида  қадимги тош асрининг ўрта палеолит мустье даврига мансуб Қўтирбулоқ, Зирабулоқ маконлари жойлашган. Бу қадимий ёдгорликлардан топилган тош қуроллар, ҳайвонларнинг суяклари Зиёвуддин воҳасининг 100 минг ёшдан ошганлигини исботлайди.

Воҳанинг одамлари қадимдан меҳнаткаш бўлган, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган, ҳунармандлари кўп бўлган.

Воҳа қадимдан Наҳрипай канали орқали суғорилади, унинг 370 дан ортиқ шахобчалари мавжуд.

Дабус қадим-қадимдан туман, вилоят маркази бўлган. Инқилоб тўнтарилишидан кейингина марказ вазифасини ўтамаган. 1935 йилнинг 9 февралида Пахтакор тумани ташкил этилган, Зиёвуддин темир йўл станцияси жойлашган манзил маркази қилиб белгиланган.

1963 йилда Пахтакор тумани Нарпай тумани таркибига қўшилган. 1973 йил 12 апрелда Пахтачи тумани номи билан яна Нарпай туманидан ажралиб чиққан.

Туман маркази – Зиёвуддин шаҳарчаси.

Пахтачи тумани шимолдан Хатирчи тумани, ғарбдан Навоий вилояти, шарқдан Нарпай ва Нуробод туманлари, жанубдан Қашқадарё вилояти билан чегарадош.

Туманнинг умумий майдони 1375,8. км2.

Аҳолиси 146773 киши (2013 йил 1 январ ҳолатига). Туманда 8 та қишлоқ фуқаролар йиғини (Дўстобод, Султонобод, Хайробод, Мисит, Қуйибоғ, Хумор, Пўлатчи, Қарноб) ва битта шаҳарча (Зиёвуддин), 65 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд.

Табиати: ҳудуди Зарафшон водийсининг ўрта қисмида, вилоятнинг ғарбий томонида жойлашган бўлиб, Зарафшон тоғ тизмасининг давоми бўлган Зирабулоқ ва Зиёвуддин тоғлари туман ҳудудини икки қисмга: жанубий қисмга – суғорилмайдиган кенг Қарноб чўлига ва шимолий қисмга – суғориладиган Зарафшон дарёсининг чап соҳили текислигига ажратиб туради.

Туман ҳудудининг шимолий қисмидан (шарқдан ғарбга томон Зарафшон дарёси оқиб ўтади. Унинг ўзани туман майдонидан анча паст бўлганлиги сабабли дарё сувидан суғоришда кам фойдаланилади. Экинлар, асосан, Нарпай канали орқали суғорилади. Туманнинг жанубидан дашт қисмидан эса канал суви насослар ёрдамида юқорига кўтарилади. Қишлоқларда булоқ сувларидан ҳам фойдаланилади.

Иқлими кескин континентал, ёзда ҳарорат 42-45 даражага етади, июль ойининг ўртача ҳарорати 28 даража. Январь ойининг ўртача ҳарорати 1 даража, айрим кунлари совуқ 30 даражага етади. Йиллик ёғин миқдори 230-250 миллиметр.

Тупроқ асосан, бўз тупроқ бўлиб, айрим хўжаликлар ҳудудида шўрхок, қумлоқ ёки гилли бўз тупроқлар учрайди. Зарафшон дарёси қайирида ер ости сувлари юзада бўлгани учун катта-катта майдонларда аллювиал жинслар устида ботқоқ-ўтлоқ тупроқлар пайдо бўлган.

Ёввойи ҳайвонлардан тўқайларда, Зиёвуддин ва Зирабулоқ тоғларида толай товушқони, жайра, жайран, ёввойи чўчқа, тулки, чиябўри, юмронқозиқ, дала сичқони, типратикан, тошбақа, каламуш, ондатра ва бошқалар мавжуд. Қушлардан бургут, қирғовул, ўткинчи ёввойи ўрдаклар, кўкқўтон, лайлак, тўқай чумчуқлари, читтак, майна, бедана, жарқалдирғоч, кўкқарға, каптар, зағизғон, мусича, бойўғли, сўфитўрғай, каклик, чумчуқ кабилар кўп.

Судралувчилардан калтакесак, илонлар учрайди. Сув ҳавзаларида ҳар турли балиқ (лаққа, зоғора каби)лар яшайди. Шунингдек, чаён, қўнғиз, ниначи, кўршапалак, чумоли, қумурсқалар бор.

Ёввойи ўсимликлардан Қарноб чўлида саксовул, эфемероидлар учрайди. Шунингдек, шўра, қиёқ, қўнғирбош, сариқ гулли беда, чайир, исириқ, лолақизғалдоқ, туяқорин, шувоқ, янтоқ, қамиш кўп.

Аҳолиси: туманда, асосан ўзбеклар, шунингдек рус, татар, қозоқ ва бошқа (тожик, эрони, корейс,  туркман,  қирғиз, украин) миллат вакиллари истиқомат қилади.

Хўжалиги: туманда тош-шағал, ғишт, сут, пахта тозалаш заводлари мавжуд.

Туманда 645 дехқон фермер хўжаликлари бор.