Аёл,оила ва сиёсат

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

      Оилада миллатнинг эртанги кунига пойдевор қўйилади, ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади.Оиланинг мустаҳкамлиги бевосита аёлга ва унинг зукколигига  боғлиқ. Бу фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев доимо ўз нутқларида мўтабар оналар, опа-сингилларимиз, дилбар қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни нафақат вазифа, балки инсоний бурч эканини алоҳида таъкидлайдилар. Жумладан: Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади. Шунинг учун ҳам барчамиз – Президентдан тортиб энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар ана шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади, – дейдилар.

2022 йил, 1-март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида” ги фармони бу фикримизга яққол исбот бўла олади.

    Маълумки, динимиз аёлларнинг ҳаётдаги мавқеъларини ошириб, Аллоҳнинг розилигини унинг розилигига айлантирди. Опа-сингил ва турмуш ўртоқларни ҳам эҳтиром қилиш диннинг энг гўзал тарбияси эканлигини ўргатди.

Бизнинг “Қоратепа” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ана шундай ибратли ва ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишга арзийдиган аёлларимиз, онахонларимиз бор. Маҳалламизда 1003 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Улар орасида ижодкор, устоз, мураббий ва зиёли онахонларимиз талайгина.

“Шукрона” деб номланган китобни варақлар экансиз, саҳифалар ичидаги мисралар сизни кўнгил кенгликларига тортиб кетаверади. Бу мисралар муаллифи, ажойиб шоира қоратепалик Гулсара ая Нажимованинг қалб кечинмаларидир. У умрининг бир неча йилини муаллималикка бағишлаб, ҳозирда нафақада осуда оила бағрида ижод қилмоқда.

Ҳанифа ая Бобоёровани эса, пахтачиликлар яхши танишади. Умрини жажжи болажонлар тарбиясига бахшида этган бу аёл бизнинг фахримиздир!

Маҳалламизнинг “Висол” кўчасида истиқомат қилувчи Насиба опа Файзиева ҳақида ҳам жўшиб гапирсак арзирли. Бу аёл ҳам муаллималикдан ўз бахту-саодатини топган зиёли маҳалладошларимиздан биридир.

Бу каби оқила ва ибратли аёлларимиз исмини санайверсак анчагина.Бугун бундай фозила аёллар мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалласида топилади. Уларнинг гўзал умр саҳифалари барчамизга ибрат ва намунадир!
Юқорида таъкидланганидек, оила муқаддас даргоҳ ва жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланади. Уни сақлаб қолиш жуда муҳим. Оиланинг муқаддаслигини ёшларимизга тўғри тушунтириб бориш лозим.  Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келса, ота-она қизига келинлик вазифасини тушунтириб, қайнона ва бошқа оила аъзоларидан аразламаслик кераклиги, уларга гап қайтармаслик ва эрининг уйидаги гап-сўзларини ота-онасиникига ташимаслик керак каби панд-насиҳатлар билан  изига қайтариб юбориши даркор. Чунки, ҳаёт ҳамиша ўйин — кулгидан, кўнгилхушликлардан иборат эмас, оилада баъзи бир тушунмовчиликлар бўлиши табиий ҳолдир. 
Айрим қайноналарни кўрамизки, қудаларини айблаб, бутун маҳаллага сирларини ошкор қилиб юрадилар. Баъзилари такаббурлик ва калтафаҳмлик қилиб, фарзандларини бахтига зомин бўлмоқдалар. Натижада бир оила барбод бўлиб, унда вояга етган фарзандларнинг маънавий тарбияси жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланмоқда. Бу борада ҳам маҳалламиз оқила аёллари ўз панду-насиҳатларини бериб келишмоқда.

      Хулоса шуки, эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Улар бир-бирларига садоқатли, ишончли, муҳаббатли ва эҳтиромли бўлиб, оилани биргаликда тартибли бошқаришлари лозим. Чунки,  оила муносабати кучли интизом ва тартибга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади.

 

“Қоратепа” Маҳалла фуқаролар йиғини

Хотин-қизлар фаоли:                                                            Усмонова О.З

 

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM