“Тежоғлиқ аёлнинг иши бежоғлиқ”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

   “Тежоғлиқ рўзғор-бежоғлиқ қўғирчоқ”деган мақол бор халқимизда.Ҳақиқатдан хам тежамкорликга оилада аёл кишини ўрни катта.

Аёл киши эрнинг топиб келганига рози бўлиб,қаноат қилиши керак.Еркак киши кўчада ризқ-рўз топиб келади.Аёл буни оллоҳнинг немати деб қабул қилиши керак.Аёл киши хонадоннинг файзидир,уйнинг тинчлигидир.
         Халқимизда “Тежамкорлик-ярим бойлик” деган нақл бор. “Тежамкорлик-ярим бойлик” мавзусида фикр юритишдан олдин тежамкорлик нима деган саволга жавоб бериб ўтсак маъқул бўлар эди.

 Тежамоқ-ортиқча сарфга йўл қўймасликка ҳаракат қилиб иш тутмоқ, аяш, тежам билан сарфламоқ.Исроф қилмаслик йўли билан орттирмоқ, ишлатмай,сарфламай қолдирмоқ

Бизга берилган барча неъматларни қадрлашимиз, уларни тежаб-тергаб ишлатишимиз лозим бўлади. Ва шу билан бирга берилган неъматларни ғанимат билиб беҳуда сарф бўлишини олдини олишимиз зарур. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: "Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил. Ҳаётингни ўлимингдан, соғлиғингни касал бўлишингдан, бўш вақтингни машғул бўлишингдан, йигитлигингни кекса бўлишингдан ва бойлигингни фақир бўлишингдан аввал ғанимат бил" ( Имом Бухорий ривояти) дейилади. Инсонга берилган энг қадрли неъмат инсоннинг ҳаёти, умридир. Инсон ўз умрини тежаб, уни яхши нарсаларга сарфлаш лозим. Умрни беҳуда сарфлаб, уни исроф қилиш мақбул ҳисобланмайди. 

Ривоят қилишларича, қадимда бир бой икки хизматкорига пул бериб, уларни бозордан савдо қилиш учун юборибди. Хизматкорлардан бири вақтини тежаб, бозордан яхши нарсаларни сотиб олиб қайтибди. Иккинчи хизматкор эса бозорга бориб, “ҳали эрта” деб вақтини ва  пулини беҳуда нарсаларга  сарфлай бошлабди. У вақтни ҳам пулни ҳам исроф қилиб, бой буюрган савдони амалга оширолмабди.Бой ўз ишларини вақтида қилиб, исрофга йўл қўймай қайтиб келган хизматкорни мукофотлабди.Буюрилган вазифаларни бажармаган ва вақтини исроф қилган хизматкорни жазолаган экан. Инсон ҳам бу дунёда умр деган маблағини тежаса, ундан ўзи учун яхши нарсаларни савдо қилса, кўзлаган муродига етади.Аммо инсон берилган умрни исроф қилса, ундан оқилона фойдаланмаса қаттиқ адашади.   Баъзан вақтини фойдали ишларга сарфлаб, ҳаётда муваффақиятларга эришаётган кишиларни кўриб қувонасан. Баъзан эса умрини беҳуда ишларга сарф қилиб, уни исроф қилаётган кишиларни кўриб ич-ичингдан хафа бўласан. 

Айниқса, ҳозирги коронавирус пандемияси тарқалган, кўпгина мамлакатларда карантин ҳолати кечаётган даврда озиқ-овқат маҳсулотларини тежаб-тергаб ишлатишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.Озиқ-овқатларини тежаш ўрнига уларни исроф қилиш яхши ишлардан ҳисобланмайди.Ривоят қилишларича, қадимда бир бойнинг мол-дунёси кўпайиб кетибди. У донишманддан мол-дунёси кўпайиб бораётганлигини, уни қандай камайтириб, бебарака қилишини сўрабди. Донишманд унга: “ Нонни туяни устида егин” дебди. Бир куни бой туянинг устида нон еб келаётганида нохосдан ноннинг ушоқлари ерга тушиб кетибди. Бой туядан тушиб нон ушоқларини териб олибди. Бойнинг бу ишини кузатиб турган донишманд: “Бой туя устида нон еса, унинг ушоғи ерга тушиб исроф бўлиши керак эди. Исроф мол-мулкни бебарака қилиб, уни камайишига сабаб бўлар эди. Аммо бу бой нон ушоғини териб олиб, исрофга йўл қўймади. Исрофга йўл қўймайдиган бойнинг моли ҳеч қачон камайиб, бебарака бўлмайди” деган экан.   Шу сабабли ризқ-рўзимиз бўлган нон ва бошқа маҳсулотларни исроф бўлишидан эҳтиёт бўлишимиз лозим. 

Дунёда ҳали ҳеч ким мол-мулкини тежамасдан, уни исроф қилиб, бирор мартаба ёки бирор яхшиликни қўлга киритган эмас. Бу ҳақда Имоми Аъзам (р.а.): “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир” дейдилар.

Тежаб-тергаш дегани бу бахиллик қилиш деган эмас, балки ҳар бир нарсада меъёрни билишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ва хасислик ҳам қилмаслар,(тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўтадилдир”. (Фурқон сураси, 67-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида тафсири ирфонда шундай дейилади: “Раҳмоннинг суюкли бандалари учун хос бўлган тўртинчи сифат: мол-пул сарфлашда; яъни нафақа қилишда ўртача бўлишдир. Арабча “нафақа” сўзи мол-пул сарфлаш, кўпроқ аҳли-оиласининг эҳтиёжларини қондиришга молини харжлаш маъносини англатади. Бизда бу сўзни бировга садақа қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолгани учун оят маъносини нотўғри тушуниб “хайр-эҳсон, садақа қилганда мўтадил бўлиш керагу, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади” деган хато фикрга бормаслик лозим. Мусулмон одам ҳаётда исроф ёки бахилликка йўл қўймай,мол-пул сарфлашда доимо мўтадил йўл тутиш керак.Мол-дунёсини сира исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда мол сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги керак. Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежам билан исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган

Тежамкорлик қилган одам ҳаётда қийналмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): Ким ҳаётда тежамли бўлса қашшоқлик кўрмайди”(Термизий ривояти) дедилар. 

Тежаб-тергаб ишлатиш хислати бор одамнинг ярим давлати ўзи билан бирга бўлса, исроф қилувчи кишининг ярим йўқотиши ўзи биргадир. Пайғамбар (с.а.в.)  шундай дейилади:“Иқтисод қилган кимса фақирлик кўрмас, исроф қилиш билан кўп мол ҳам қолмас”  (Имом шайх Асбаҳоний ривояти).

 Хулоса қилиб айтамизки, дарҳақиқат, тежамкорлик-ярим давлатдир. Донишмандларнинг таъкидлашича, ақлли одам мол-давлат орттириш учун ақл-заковатининг ўндан бир ҳиссасини, уни ўз ўрнида сарфлаш учун эса ўндан тўққиз ҳиссасини сарфлаши лозим экан. Донишмандларнинг бу сўзи бизга бирон нарсани қўлга киритишдан кўра уни тежаб-тергаб ишлатиш муҳим эканлигини  уқтиради.

Қиргули МФЙ фаоли М.Таниқулова

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM