Матбуот анжумани: Маҳалла - маънавият бешиги

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти, ҳуқуқий-демократик давлатга ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Хусусан, маҳалла одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини қўллаб-қувватлайдиган, барча эзгу ва хайрли ишларга тамал тоши қўйиладиган маскандир.

Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган. Катта ҳаётий тажрибага эга кексалар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарганлар. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқ, маслаҳатлар берганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-ахлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган, бошқарилган. Шу маънода айтиш мумкинки, маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган, ўзига хос тарбия ва маънавият бешиги ҳисобланади.

Айни кунда маҳалланинг жамиятдаги, инсонлар ҳаётидаги  ўрни, роли ва нуфузи янада ортиб бормоқда. Буни Пахтачи тумани маҳаллаларида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

- Айни кунда туманимиздаги 59 маҳалла фуқаролар йиғинида 157425 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди туман Пахтачи тумани Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Хусан Омонов. - Маҳаллаларимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маънавий муҳит  барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда, айниқса, "Ёбу", "Сардоба", "Гулобод", "Амирабод", Амир Темур номли сингари маҳаллаларимизда ишлар намунали йўлга қўйилган.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида фаолият олиб бораётган яраштириш, хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши", "Ота-оналар университети", "Қизларжон" клуби  сингари қатор жамоат тузилмалари томонидан туман ҳокимлиги, ички ишлар, халқ таълими бўлимлари, хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, Ёшлар иттифоқи, Маънавият-маърифат маркази, ФҲДЁ бўлимлари мутахассислари, шунингдек, катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган меҳнат фахрийлари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда.

-  Маҳалламизда ана шундай тадбирлар доимий  равишда ўтказилади, - дейди  "Ёбу" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фозилжон Қутлиев.-  Жумладан, "Фахрийлар-фахримиз", "Энг китобхон оила", "Ўз уйингни ўзинг асра", "Огоҳлик - давр талаби", "Қайнонам - онам менинг", "Маҳалла маликаси", "Ораста келин" сингари тадбир ва танловлар маҳалламизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тумандаги барча маҳаллаларда ўтказилаётган бу каби тадбирлар, қолаверса, олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари натижасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик ҳолатлари кескин камаймоқда, фуқароларнинг жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси, бунёдкорлик борасидаги фаоллиги ортмоқда. Хусусан, ёшлар тарбияси, маънавиятини юксалтиришда "Оила - маҳалла - таълим муассасаси" хамкорлиги қўл келмоқда. Ушбу ҳамкорлик асосида ўқувчи ёшларнинг фаоллигини ошириш, бўш вақтларини тўғри ташкил этиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда, қолаверса, уларнинг турли иллатлар, диний-экстремистик оқимлар ғоялари таъсирига тушиб қолишларининг олди олинмоқда. Маҳаллаларда фаолият олиб бораётган "Қизларжон" клуби машғулотлари эса қизларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги, шунингдек, маънавияти, соғлом турмуш тарзи борасидаги билим ва тушунчаларини юксалтиришга ёрдам бермоқда.

- Маҳаллаларимизда ташкил этилган "Қизларжон" клуби   машғулотлари шифокорлар, ҳуқуқшунослар, меҳнат фахрийлари, катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар иштирокида ўтказилиб келинмоқда Қизларимиз орасталик, одоб-ахлоқ, миллий қадриятларимиз, оиладаги бурч ва вазифалар хусусида кенг билимлар олмоқда. 

Маҳаллаларимиздаги спорт майдончаларида каттаю-кичик спорт билан шуғулланиш имконига эга. Маҳаллаларимиздаги кўпчилик меҳнат фахрийлари, уй бекалари ҳам бўш вақтларида спорт билан шуғулланишади. Бу бизнинг соғлом бўлишимизга яқиндан ёрдам бериб келмоқда. 

Туман маҳаллаларида оилавий тадбиркорлик кўлами, хусусан, тикувчилик, бешикчилик, пичоқчилик, зардўзлик сингари ҳунармандчилик турлари билан шуғулланадиган оилалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилган. Айниқса, "устоз-шогирд" анъанаси асосида олиб борилаётган ишлар натижасида маҳаллалардаги кўплаб ёшлар бўш вақтларида ҳунар ўрганмоқда.

Туманимиздаги Қўшховуз, Жаҳонобод, Истиқлол, Амир Темур номли маҳаллаларда тикув хоналари ташкил этганмиз. Асосан, мактаб ўқувчилари учун мактаб формаси, аёллар либосларини тикиб, маҳаллий бозорларда сотиб келишмоқда. Маҳсулотларимиз сифатига, бежиримлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Шу боис ҳам тайёрлаган либослар анча харидоргир.

Айни пайтда "устоз-шогирд" анъанаси асосида маҳаллаларимиздаги кўплаб ёш қизларга чеварлик ҳунарини ўргатиб келишмоқда.

  Тумандаги жуда кўп оилалар томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олишган. Томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига улар нафақат ўз эҳтиёжлари учун маҳсулот етиштиришмоқда, балки яхшигина даромад олишиб, бозорлар тўкинлигини таъминламоқда.

Ибратли ва мазмунли ҳаёт йўллари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган нуроний отахон-онахонлар маҳаллалар кўрки, хонадонлар файзи ҳисобланади. Маҳаллалардаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда уларнинг роли ниҳоятда катта.

Маҳалла фаоллари, мутахассислар, отинойилар, маҳалла кексалари, шунингдек, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида олиб борилаётган маънавий-маърифий, тарғибот ишлари самараси ўлароқ, тумандаги маҳаллаларда барча йўналишларда ижобий натижаларга эришилмоқда. Айниқса, жиноятчилик, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, ёшларнинг турли иллатлар ва ёт ғоялар таъсирига берилиши сингари салбий холатларнинг олди олинмоқда.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM