Ёшларга қандай ёрдамлар кўрсатилади?

Президентнинг "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори 1-иловасига мувофиқ , ёшларга кўрсатиладиган бир қатор ёрдам турлари  белгиланган.

▪️Моддий аҳволи қийин ёшларни қўллаб-қувватлаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш.

▪️Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой ижараси компенсациясини қоплаш учун — ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

▪️Психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик психологик хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш.

▪️Мамлакатдаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача қисмини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

▪️Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадалини тўлиқ миқдорда қоплаш учун субсидия ажратиш.

▪️Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

▪️Ижтимоий ҳимояга муҳтож янги турмуш қураётган ёш оилаларга ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун тижорат банклари томонидан 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишга кафиллик бериш.

▪️Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия тўлашда алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублиги бўйича тавсия бериш.

▪️Спорт тўгаракларини ташкил этиш учун маҳаллада бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага бериш.

▪️Аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

▪️Ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача бўлган қисми ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш.

▪️Ногиронлиги бўлган ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, шунингдек, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш.

▪️Ногиронлиги бўлган ёшларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатган ҳамда махсус сертификатни олган, шунингдек, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM