Дабусия (Дабусқалъа) қўрғони

Зарафшон дарёси соҳилида бир муқаддас жой бор. Билганлар уни эъзозлаб, «Авлиё Ота» деб улуғлайди. Уни Дабус, Дабусия қалъаси, Дабус, Дабусқалъа, Даҳбусқалъа деб ҳам аташади. Айтишларича, қадимда бу ерда улкан шаҳар бўлган. Аммо бугунги кунда бу ерда на шаҳар бор, на одамлар яшайди. Кенг ҳудуддан иборат майдонда сон-саноқсиз қабрлар мавжуд. Вайронага айланган шаҳар тупроқ остида қолган. Дабусқалъа деб ном олган улуғ шаҳарнинг бисотида ёлғиз ёдгорлиги – Имом Баҳра Ота мақбараси бор. Лайлаклар бино тепасида бир жуфт ин қурган.

Вайроналар бағрида яна бир ёдгорлик – Зиёвуддин қурғони ўрнидан нишона бузилган масжид деворининг (эни 1,20 см) қолдиғи бор. Унинг устига ҳам лайлаклар ин қуришган. Юз йиллардан ошибдики, лайлаклар ўз аждодлари одатини тарк этмай, ҳар баҳорда шу ерга учиб келиб яшашади. Ватан соғинчи лайлак қушларнинг қанотига қувват, ўзига умид бағишлайди. Шу боис улар ўзларининг қадимий Ватанини тавоф қилишни канда қилишмайди. Пахтачиликлар йил Дабусқалъадан бошланади, дейишида ҳам ҳикмат бор.

Улуғ шаҳар тупроқ остида қолган. Вайроналар устидан юриб, бу кенг майдонни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Буюк олимлардан ҳисобланган Истаҳрий ва Муқаддасийларнинг ёзишича, X асрда Дабус қалъасида работ қарийб 70 гектарни, шаҳристон эса 22-23 гектарни ташкил этган.

Қалъа атрофи катта жарликлар, чуқур унгурлар билан ўраб олинган. Мустаҳкам мудофаа миноралари шаҳарни ҳимоя этиш учун қулай қилиб қурилган.

Халқ Дабусни Зарафшон дарёси суйган шаҳар деб аташади. Қалъанинг шимолидан Зарафшон дарёси оқади. Шарқдан ғарбга қараб йўналган дарё ўз ўзанини чапга буриб, қалъанинг кўтармасига тўғри келиб тик урилади, аммо зиён-заҳмат етказмай ўнгга бурилиб кетади. Гўё Зарафшон қадимий шаҳар Дабуснинг пойига бош қўйиб сажда қилади. Неча асрлардирки, шу ҳол қайта-қайта такрорланади. Телбасимон тўлқинланиб оқаётган дарёнинг бу ишидан ақл лол қолади.

Дарё қалъа учун шимолий томондан мустаҳкам тўсиқ бўлиб хизмат қилган. Қалъанинг кўтармаси бениҳоя тик тушган. Вайронадан 30 метр пастда Зарафшон дарёси оқади, оққанда ҳам жўшиб-жўшиб оқади.

Халқ орасида бир ривоят бор, унда айтилишича, қалъа кўтармасида Ҳазрат Алининг муборак панжалари изи бор. Шунинг учун дарё суви қалъа тупроғини ювиб олиб кетмайди, тик жарлик қуламайди.

Шаҳар харобаларидан иборат бу катта майдонда ҳеч ким яшамайди. Аммо мўътабар ва муборак даргоҳ – Имом Баҳра Ота мақбарасидан одамларнинг кети узилмайди.

Вайроналарни кўрсангиз тизгинсиз хаёл олис мозийнинг бепоён кенгликлари сари беқанот парвоз қилади.

Зарафшон дарёсининг сўл соҳилида, Буюк Ипак йўлидаги қадимий бекат – гавжум шаҳар, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик маркази бўлмиш Дабусқалъа тарихи  муҳим воқеаларга, қизиқ ҳикояларга бой.

Х асрда яшаб ижод этган буюк филолог ва географ Абдулфараж ибн Жаъфар Қудама ал-Басрий ал-Бағдодийнинг бундан минг олдин ёзилиб, китобдан китобга кўчирилиб бир неча марта қайта нашр этилган «Китоб ул-хирож ва санъат ал-китобиа» («Хирож ундириш ва мактублар ёзиш ҳақидаги китоб») асари (928 йил)да Дабус номи билан аталадиган қадимий шаҳар Искандар томонидан қурилганлиги тўғрисида ривоят келтирилган. «Искандар афсонавий яъжуж-маъжужлар ҳужумига қарши»  «садд», яъни истеҳком қуриб, Чинмочиндан қайтиб келиб, «Сўғд заминига етгач, у Самарқандни ва ад-Дабусия номи билан машҳур шаҳарни, шунингдек олис ал-Искандарияни барпо этди, кейин Бухоро ерларига кўчиб, Бухоро шаҳрини қурдирди».

Бу улуғ аллома Дабус шаҳрининг қурилиши тўғрисида бежиз ривоят келтирмаган. Айнан Дабус шаҳри ҳақида фикр юритиши ҳам муҳим аҳамиятга молик. Ҳар бир афсона ва ривоят замирида озми, кўпми, албатта, ҳақиқат бўлади.

Хуллас машҳур олимнинг маълумотига кўра, Дабус шаҳрининг ёши 2340 йилдан ошган.

Бундан ташқари Х асрда яшаб ўтган (Бухоронинг Наршах қишлоғидан бўлган) улуғ тарихчи Абубакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ҳам Дабус шаҳри тўғрисида бениҳоя катта тарихий аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо маълумот келтирган: «Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Харқонурд, Вардона, Таровча, Сафна ва Исвоналар ўша қишлоқлар жумласидандир. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Байканд (Пойканд) эди. Шаҳар «Қалъаи Дабус» – «Дабус қалъаси» бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар».

Х асрда яшаган йирик тарихчи Наршахий томонидан битилган таъриф, Қудама томонидан ривоят тарзида келтирилган маълумотга ҳамоҳангдир. Айни вақтда ул буюк зот араб географларининг Дабус қалъасининг барпо бўлиши тўғрисидаги фикрини тасдиқлайди.

Ўзи бухоролик бўлган, Бухоро тарихини яхши билган Наршахий Бухоро шаҳри вужудга келмаганлиги, у ҳудудда шаҳар йўқлигини, хатто подшоҳ ҳам катта қишлоқ бўлмиш Пойкандда қароргоҳ қилиб турганлигини айтиб, «шаҳар Қалъаи Дабус», – «Дабус қалъаси» бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар», дея алоҳида таъкидлаган. Наршахий ўз она юрти – бутун оламга машҳур Бухоро шаҳри мавқеини пасайтириб, уни камситмаган, аксинча ҳаётий ҳақиқатни айтган.

Булардан ташқари тарих фанлари доктори, профессор Ю. Ф. Буряков қалъа майдонидаги харобалардан топилган сўнгги антик даврга мансуб сопол бўлаклари асосида таҳлил қилиб, шаҳарнинг ёши милоддан аввалги учинчи асрга тақалиши, милодий биринчи асрда кенг майдон ўтроқ аҳоли томонидан эгалланганлиги тўғрисида фикр билдирган. Йирик археолог олимнинг илмий хулосасига таяниб айтиш мумкинки, бундан иккки минг уч юз йил бурун Дабус қалъаси аҳоли ўтроқ ҳолда зич яшайдиган қадимий маскан ҳисобланган.

Буюк Ипак йўлида жойлашагн Дабус шаҳри ҳар жиҳатдан ҳам қулай, ҳам мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилган. Дабус қалъаси тўғрисида ўрта аср тарихчи ва географлари ўз мулоҳазаларини ёзиб қолдиришган. Улар томонидан келтирилган қимматбаҳо маълумотлар, бугунги кунда тупроқ остидаги шаҳарга айланган Дабус ҳақида тасаввурга эга бўлиш борасида муҳим тарихий аҳамият касб этади.

Хўш, нега қалъа Дабус деб аталган?

«Ғиёсул-луғот»да ёзилишича, дабус – форс тожик тилида гурзийи оҳани, яъни темир гурзи маъносини билдиради. XVII асрда яшаган улуғ олим Муҳаммад Ғиёснинг илмий қарашидан хулоса чиқариш мумкинки, шаҳар темирдай мустаҳкам қилиб қурилгани учун ҳам шу ном билан аталган. Шунингдек «Фарҳанги забони точики» («Тожик тили луғати»)да ҳам Дабус – (арабча сўз бўлиб, форс тожик тилидаги гурз, амуд) зўр, тўқмоқ, устун маъноларини ифодалайди ва қадимий шаҳар ҳар жиҳатдан мустаҳкам қилиб бунёд этилганлигини билдиради. Булардан ташқари IX асрда яшаган йирик географ ва тарихчи олим ал-Яқубий Дабус қалъасини «душман тиғи ўтмайдиган мустаҳкам ва машҳур шаҳар» деб тасвирлаган. Юқоридаги таърифлар «Дабус» сўзи  «мустаҳкам қўрғон» маъносида қўлланилган деган мухтасар фикрга келишга асос бўла олади.

Ал-Муқаддасий – Абу Абдуллоҳ Муҳаммаад ибн Аҳмад, ибн Абубакр ал-Муқаддасий (947-1000) Х асрнинг йирик географларидан бири бўлиб, у бутун мусулмон мамлакатлари бўйлаб сайёҳат қилган. Унинг 985 йилда ёзган «Аҳсон ат-тақосим фи маърифат ал-ақолим» («Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма») асарида. Дабусда ишлаб чиқарилган сифатли саноат моллари бутун оламда машҳур бўлганлиги тўғрисида ҳикоя қилган: «... Дабус ва Вадордан яхлит қилиб тўқилган вадар матолари, мен уларни Боғдоддаги султонлардан бири «Хуросон парчаси», деб атаганнини эшитганман».

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний (973-1048) бутун жаҳонга маълум, буюк қомусий олим. Улуғ алломанинг етти йиллик меҳнати (1030-1037) маҳсули бўлмиш «Қонуни Масъудий» («ал-Қонун ал-Масъудий фил ҳайъа в-ан-нужум» – «Астрономия фанида Масъуд исмига ёзилган қонун») китоби энг йирик асар бўлиб, унда Ўрта Осиёнинг 80 дан ортиқ шаҳарлари тавсифи берилган. Олимнинг «Қонуни Масъудий» асарида бешинчи иқлимга мансуб Сўғд вилояти тасарруфидаги шаҳарларнинг узунлик ва кенгликлари қуйидаги жадвал асосида берилган.

Иқлимлардаги шаҳарларнинг номлари

Узунлик

Кенглик

замонлар

минутлар

даражалар

минутлар

Кармина (Карминия)

Дабус

Кушония

Исбонжан ва Арбинжон

47

48

48

48

15

0

10

15

39

39

39

39

40

50

15

40

Демак Берунийнинг таърифича,  Дабус бешинчи иқлимдаги Сўғд вилоятига қарашли шаҳар бўлиб, узунлиги 48, кенглиги 39,50.

XII асрнинг ўрталаридан бошлаб Дабус қалъасида олтин тангалар ҳам зарб қилинган. Тангалардаги ёзувлар тўртбурчак шаклида араб алифбосида ёзилган. Кумуш тангаларда Бағдод халифасининг, қорахонийлар давлатининг ҳокими ҳамда унга вассал вилоят ҳокимининг номлари ва зарб қилинган шаҳар номи ёзилган.

Дабус қалъасида зарб этилган тангалар – дирҳамлар кундалик эҳтиёжларни қондириш учун фойдаланилган, олтин тангалар эса йирик савдо битимлари тузишда ҳамда халқаро савдода кенг кўламда ишлатилган.

Дабус номини шарафлаган буюк зотлардан машҳур фақиҳ, қози Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий, Зулайм ибн Ҳатит ал-Жаҳзамий ад-Дабусий, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ад-Дабусий, Абдулфатҳ Маймун ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Бакр ибн Мажжа ад-Дабусий, Абдулқосим Маҳмуд ибн Маймун ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Бакр Мажжа ад-Дабусий, Абулқосим Али ибн Абу Яъло ал-Музаффар ибн Ҳамза ибн Зайд ал-Авалий ал-Ҳусайний аш-Шофиъ ад-Дабусий, Абу Усмо Саъид ибн ал-Аҳвас ал-Аздий ад-Дабусий, Юнус ибн Иброҳим ибн Абдулқавий ибн Қосим ибн Довуд ал-Каноний ал-Асқалоний Абу Нун ад-Дабусий – Мақир, ар-Роѓиний Абу Наср Мансур ибн Жаъфар ад-Дабусий, Муҳаддис Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ад-Дабусийлар ҳам Дабусқалъадан етишиб чиққан улуѓ алломалардан ҳисобланади.

Дабусқалъа – очилмаган ноёб хазина.

Дабусқалъа – ўқилмаган нодир китоб.

ВАЙРОНА ДАБУСҚАЛЪАМ

Учқур от туёғидан гумбурлар қалъам менинг,

Ўткир қилич зарбидан узилган каллам менинг,

Она Ер фарёдидан фалакда нолам менинг,

Армон тўла кўксимда изтироб алам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Миллатим деб йиғлаган отам ҳам тупроқ бугун,

Элатим деб йиғлаган онам ҳам тупроқ бугун,

Бобо руҳдан безовта йиғладим кўпроқ бугун,

Эртага уввос солиб йиғлагай болам менинг:

Вайронага айланган, о  Дабусқалъам менинг.

***

Турли уруғ – ўзбеклар то ўлгунча олишди,

Совут кийиб, қиличлар то сингунча солишди,

Кенг дунёга сиғмайин мозор бўлиб қолишди,

Нодон қўлида сиртмоқ бошдаги саллам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

От миниб, қалқон тутиб найза санчиб кетдилар,

Ўз-ўзини ўлдириб ниятига етдилар,

Уч минг йиллик шаҳарни кунпаякун этдилар,

Таралган мунгли оҳанг тиловат– аллам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Наздимда ловуллар Ер, ловуллаб ёнар осмон,

Ловуллайди кенг шаҳар, ловуллаб ёнар инсон.

Қизил қонга беланиб ловуллайди Зарафшон,

Ловуллаб ёнар сўнгсиз бепоён далам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Қўрғон – кўҳли келинчак, шоҳдан шоҳ тортиб олди,

Шўрлик ўзбек бошига минг қайғу,  кулфат солди,

Сўлим боғлар топталиб, хароба – мозор қолди,

Она Ер фарёдидан фалакда нолам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Қалъани тутун қоплаб мусибат соя солмиш,

Қадим шаҳар ўрнида бир тупроққўрғон қолмиш,

Тўфонли далаларни қон босиб, олов олмиш,

Экилмай ейилмаган кўмиртан ғаллам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Ватан деган бошланур аслида остонадин,

Туғилиш, ўлиш, кураш мерос ота-онадин,

Алломани кашф этган қадимий Афшонадин,

Абу Зайд*ни сўроқлар Ситора** холам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Исёнкор Шайбонийга эрк берган саҳар бўлди,

Кечиккан Бобур учун армонли шаҳар бўлди,

Қўрғон ичра қатли ом, нафас ҳам заҳар бўлди,

Ўткир қилич зарбидан кесилган каллам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

***

Бобом ўзи – бир китоб, ўқимоқ армон, нетай?

Отам васиятлари ижросиз фармон, нетай?

Бош карахт, кўнгил забун, танда йўқ дармон, нетай?

Қўлларимда етти ёт бегона қалам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

****

Кўзда ёш, ҳалқумда тош, то тўйгунча бўзладим,

Мозор хоки тўтиё, олис мозий кўзладим,

Осмон остида ёлғиз ўз ўзимга сўзладим,

Армон тўла кўксимда изтироб, алам менинг:

Вайронага айланган, о Дабусқалъам менинг.

_______________________

*) Абу Зайд ад-Дабусий – Ибн Синонинг бўласи.

**) Ситора хоним – Ибн Синонинг онаси.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Исмат Санаев. Зиёвуддин тарихи. Шарқ нашриёт-матбаа концернининг бош таҳририяти, - Тошкент: 1995, 348 б.
  2. Исмат Санаев. Бу кўҳна дунё. Адолат нашриёти, – Тошкент: 1996, 104 б.
  3. Исмат Санаев. Самарқанд, бу- Самарқанд. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, - Тошкент: 2007, 92 б.
2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM