Туманимизда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, илғор инвестицияларни жалб қилиш, бу билан эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини янада яхшилашга чуқур эътибор бериб келинмоқда. Шу мақсадда туманга чет эл инвестицияларини олиб кириш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун музокаралар олиб борилмоқда.
Яқинда Хитой халқ республикасининг бир гуруҳ ишбилармонлари туманимизга ташриф буюриб, инвестиция салоҳияти билан танишдилар. Улар жумладан, "Ш.Қаххоров шогирдлари" муқобил машина трактор парки ҳудудида ташкил этилиши мўлжалланаётган қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган эркин иқтисодий саноат зонаси, Зиёвуддин тоғ тизмаларининг тор жинслари хом-ашёлари, "Фай" маҳалласида жойлашган кичик саноат зонасидаги кварц қумини қайта ишлаш, полиэтилен қувурлар ва қуруқ қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, Қарнабота массивидаги Навоий кон металлургия комбинатига қарашли "Қизилқум цемент" карьеридан доломит ва гипс қазиб олиш, шу массивда "Азия Альянс" масъулияти чекланган жамияти томонидан каолин хом ашёсини қайта ишлаш жараёнлари билан танишдилар.
Хитойлик ишбилармонларга туман ҳокими ва бошқа мутасадди кишилар ҳамрохлик қилишди.