“Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (2-сон, 08.01.2021 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин қизлар;
боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли дамромад манбаига эга бўлмаганлар);
ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;
психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
“Аёллар дафтари” қуйидаги тартибда юритилади:
Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилади.
Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.
Шунга кўра, 1 кун муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилади.
Шундан кейин 3 кундан ошмаган муддатда анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.
“Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига киритилади.
Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.