Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан Пахтачи тумани ҳокими М.Хамдамовнинг байрам табриги

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум қадрли тумандошлар!

Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 31 йиллик байрами билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Ўттиз бир йил-тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. 

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, бежизга эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди. 

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир. 

Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. 

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди.

Ушбу Конституция 6 бўлим 155 модда 27-бобдан иборатдир.

 Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман, расмийларга кўра, конституция 65 фоизга янгиланган.

Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги эътироф этилди.Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

“Инсон — жамият — давлат" деган тамойилни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш бу борадаги ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.

Жумладан, ижтимоий давлат тамойили, оила институтининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакилларини, ногиронларни ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим ва илм-фан, маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш каби кўплаб принципиал аҳамиятга эга масалалар Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилган.

Айни шу асосда Бош қонунимиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлди. 

 

“Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!”

Ҳурматли президентимиз айтганларидек – «Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний кафолати бўлган, биз учун озод ва обод ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Конституциямиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

Азиз тумандошлар!

Шу фурсатдан фойдаланиб яна бир бор барчангизни Конституциямиз қабул қилинганлигининг 31 йиллиги билан табриклаб, сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий ҳотиржамлик тилайман.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM