Брифинг:Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таʻминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, бу борада туманда амалга оширилаётган ишлар

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туманимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган қатламига ҳар жиҳатдан кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва ота-она қарамоғисиз қолган ва етим болалар рўйхатини шакллантириш ҳамда эрта етимликни олдини олиш, болаларнинг меҳрибонлик уйига тушишини олдини олиш ва оилавий болалар уйларини ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан ўтган 2022-йилда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган етим болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган “Меҳр дафтари”га 46 нафар бола рўйхатга олиниб, Меҳр дафтари жамғармаси томонидан уларнинг қизиқиши, эҳтиёжлари асосида 1 нафарига планшет, 33 нафарига ноутбук, 2 нафарига компютер жамламаси, 5 нафарига телефон аппарати, 4 нафарига тикув машинкаси, 7 нафарига Боокномй рус тили ва инглиз тили қўлланмаси, 1 нафарига музлатгич, 5 нафарига юмшоқ мебел, 2 нафарига китоб жовони ва шкаф, 2 нафарига электрон велосипед, шунингдек қўшимча равишда 12 дона велосипед ва 2 дона самакат берилди.

2022-йилда 2160 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди. Шундан, 765 млн. сўм маблағ эвазига 835 нафар ёшларга асбоб-ускуналар, 870 нафарига 20 сотихдан ер, 184 нафар ёшларга 562 млн сўмлик контракт пуллари тўлаб берилди. 94 нафар ёшларга 112 млн сўмлик 1 марталик моддий ёрдам берилди. 33 нафар ёшларга сафарбарлик чақирув резерви тўлов бадали учун 178 млн сўм маблағ ўтказиб берилди. 15 нафар ёшларга 18 млн сўм маблағ ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ажратилди. 38 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. 26 нафар ёшларни замонавий касбларга ўқитиш мақсадида           6 ойлик тўлов пуллари тўлаб келинмоқда.

Ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти бир қатор омиллар асосида юз беради. Бу жараёнларда аёллар, уларнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлардаги иштироки, ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таʻминланганлиги масаласи – давлатлар ривожининг ҳамда демократиянинг муҳим индекси саналади. Зотан, аёл ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳамиша муҳим мезон бўлиб келган.

Ушбу мақсадда туманимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан,      2022-йилда жами 2539 нафар аёллар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, шундан 1424 нафарига 1 млрд 537 млн сўмлик 1 марталик моддий ёрдамлар ажратилди. 9 нафари ижтимоий уйга жойлаштирилди. 3 нафарига 6 млн 900 минг сўмлик ижара компенсация пуллари тўлаб берилди. 487 нафарига “Аёллар дафтари” жамғармасидан 420 млн сўмлик асбоб-ускуналар олиб берилди ва ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳам 256 нафарига субсидия асосида асбоб-ускуналар берилиб, бандлиги таъминланди. Шунингдек қўшимча ёрдам сифатида 3 нафар хотин-қизларнинг фарзандларига 13 млн 500 минг сўмлик ўқув контрактлари тўлаб берилди. 2 нафар аёлимизга жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 11 млн сўм миқдордаги маблағлар шифохона ҳисобига ўтказиб берилди. Ундан ташқари 20 нафар хотин-қизларимиз ижтимоий уй-жой билан таъминланди. 89 нафар хотин-қизларимизга протез-ортопедия буюмлари олиб берилди. 12 нафар боқувчиси йўқ қизларимизга Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ўқиш учун тўлов-контраклари тўлаб берилди. 17 нафар хотин-қизларга 6 млн сўмлик бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Ўтган 2022-йил давомида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларимизнинг барчаси юқорида амалга оширилган ишлар натижасида дафтардан чиқарилди.

Шунингдек, 2022-йилда “Темир дафтар” таркибига шакллантирилиб, унга киритилган 1446 та оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан йил давомида турлича ёрдамлар кўрсатиб келинди. Жумладан: 1392 та оилага 362 млн 995 минг сўм моддий ёрдам, 397 та оилага 215 млн 700 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. 68 та оилага 234 млн 664 минг сўмлик тиббий ёрдам кўрсатилди ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 222 та оилага 539 млн 550 минг сўмлик асбоб-ускуналар берилиб, бандлиги таъминланди. 7 та оилага уй-жойини таъмирлаш учун144 млн 260 минг сўм маблағ ажратилди. 535 та оилага 304 млн 476 минг сўмлик паррандалар берилди. 10 та оилага 39 млн 898 минг сўмлик инкубатор мосламалари берилиб, бандлиги таъминланди. “Темир дафтар” рўйхатида турувчи 6 та оила фарзандларига тўлов-контракти учун 44 млн 632 минг сўм маблағ ажратилди. Дафтар рўйхатида турувчи 2 та оила фарзандларига сафарбарлик чақирув резерви тўлов-бадали учун 9 млн 32 минг сўм маблағ ажратилди. Дафтарда турган оилаларнинг уй-жой (кредит) тўлови учун 100 та оилага 133 млн 594 минг сўм маблағ кўчириб берилди. Ундан ташқари “Темир дафтар” рўйхатига олинган оилаларнинг бошқа харажатлари учун 629 млн 698 минг сўм маблағлар сарфланди. Йил якуни бўйича дафтар рўйхатида 86 та оила қолмоқда.

Ўтган 2022-йил давомида амалга оширган ишларимиз 2023-йилда ҳам давом этмоқда. Хусусан, жорий йилда “Темир дафтар” рўйхати қайта шакллантирилиб, 806 та оила ушбу дафтарга киритилди. “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” юзасидан ҳам зарур чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM