Ботулизм

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ҳозир айни қиш пайти. Бундай вақтда кўпчилик бекалар ёз бўйи  беркитган банкаларини очиб дастурхонга қўйишга ҳаракат қилади,тўғри, уйда бекаларимиз тайёрлаган маҳсулотлар дастурхонга кўрк бағишлаши мумкин. Бироқ уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган ботулизм заҳари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланишларнинг энг оғир тури – ботулизм касаллигига дучор бўлиш мумкин.  
      Ботулизм ўзи нима? Бу овқатдан заҳарланишнинг бир мунча оғир ва ўлим кўрсаткичи юқори бўлган тури ҳисобланади. Касаллик қўзғатувчиси кислородсиз шароитда ривожланади ва ўзидан заҳар ишлаб чиқаради.Уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда ҳамма ҳам зарур технологик жараёнлар, санитария ва шахсий гигиена қоидаларга тўлиқ риоя қилмайди. Натижа эса ўзингизга маълум...
Гарчан  ботулизм  қўзғатувчилари кислородли шароитда нобуд бўлса-да, ботулизм билан зарарланган сабзавотлар, қўзиқорин, гўшт, балиқ  консерва маҳсулотлари очилганда ҳам  улар ишлаб чиқарган заҳар сақланиб қолади. Захарга  ташқи муҳит омиллари таъсир этмайди. 
Ботулизм билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим ҳолатларда эса   идишнинг қопқоғи “шишиши” мумкин. Бундай маҳсулотларни умуман истеъмол қилиш ярамайди. Афсуски, айрим уй бекалари консерваланган сабзовотни очиб, бир неча дақиқа қайнатгач, овқатга ишлатса бўлади, деб ҳисоблайди. Бу фикр мутлақо нотўғри. Бундай “тежамкорлик” кимнинг ёки кимларнингдир саломатлигига жиддий путур етказиши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкин.
    Ботулизмдан заҳарланган одамда касаллик белгилари икки соат ўтиб, ёки саккиз-ўн кун давомида пайдо бўлади. Заҳар асосан марказий нерв тизимини фалажлайди, натижада нафас олиш қийинлашади, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ кузатилади. Жисмлар кўзига иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқларини осилиб қолиши            (птоз), ютиш қийинлашиши ва гапириш қобилияти  пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши  касалликнинг клиник белгилари ҳисобланади. 
Касалликни уй  шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади. Ботулизмдан заҳарланиш содир бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ҳозирда тиббиётда заҳарга қарши махсус зардоблар мавжуд бўлиб, беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилса бу ҳолат асоратсиз кечиши мумкин.
Аксарият касалликлар сингари ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида.
 Бугунги кунда замонавий тиббиёт хонадон шароитида бодринг, помидор, паттисон маринадлари, баклажон икраси, умуман консерва маҳсулотларини тайёрлаш ва истеъмол қилишни тавсия этмайди. 
Агар оила аъзоларингиз, фарзандларингиз соғлом бўлишини истасангиз, истеъмол учун яроқсиз консерва маҳсулотларидан воз кечинг. Айниқса, бозорлар, кўча-куйлардаги ноқонуний савдо расталарида сотилаётган консерваланган маҳсулотларни харид қилманг.
Шуни унутмаслик керакки, авваллари ҳам оналаримиз уй шароитида помидордан қоқи, узум, шафтоли, ўрик, беҳи каби мевалардан эса қиём, бодринг, помидор, карамдан эса сирли идишларда тузламалар тайёрлашган. Бу холда тайёрланган қиём ва тузламаларни истеъмол қилиш хавфсиздир. 
 Бугун юртимиздаги қайси бир савдо мажмуаси ва бозорга кирсангиз, белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилган консерва маҳсулотларининг  барча турлари  бисёр. Ушбу маҳсулотларнинг сифати мувофиқлик сертификати билан кафолатланган. 
Унутманг, ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун масъулмиз!

Пахтачи туман СЭО ва ЖС бўлими 
овқатланиш гигиенаси врачи Н.Т.Тоҳирова.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM