Конституция - фахримиз, ғуруримиз!

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бош Қомусимиз — Конституциямизнинг бирор-бир моддаси йўқки, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари билан боғлиқ бўлмаса. Ҳатто унинг муқаддима қисмидаёқ «ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда” деган иборанинг келтирилиши — Конституция, нафақат бугунги кун нуқтаи назаридан, балки, келажак авлод, хусусан, ёшлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда қабул қилинганлигини билдиради. “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланувчи 2- бўлимда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчлари ҳамда конституцион кафолатлари тўғрисидаги қоидалар ўзининг ёрқин ифодасини топган. Умумий қоидага кўра, мамлакатимиз фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Айниқса, ёшларга яратилган кўплаб имкониятлар қатори нафақат юртимизда, балки, чет мамлакатларда ҳам ўқиш ва ишлаш имкони берилган. Масалан, Конституциянинг 22-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаролари республикамиз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилиниши ҳамда уларга ҳомийлик кўрсатилиши тўла кафолатлаб қўйилган. Бу норма Ўзбекистон ташқарисида фаолият олиб бораётган фуқароларимиз учун беқиёс ғамхўрлик намунасидир. Айни кезда Конституциянинг 23-моддасида юртимизда фаолият олиб бораётган ёки таълим олаётган чет эллик ёки фуқаролиги бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланган. Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — инсон ҳуқуқи ва манфаатлари ифодаси сифатида демократик қадрият, анъана ва ижтимоий адолатни қарор топишида, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши ҳамда миллий тотувликни таъминлашда бош омил. Унда мустаҳкамлаб қўйилган кафолатларни ва ифода этилган нормаларни кундалик ҳаётимизда қарор топтириш, шубҳасиз, кексаю ёш—ҳар бир фуқародан ҳуқуқий фаолликни талаб қилади. Зотан, ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим шарти—бу Асосий Қонунимизнинг учинчи бобида мустаҳкамлаб қўйилган тамойил—Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашдан иборат. 
Ҳар қандай давлат қонунчилик тизимида Асосий Қонун—Конституция устуворлиги яққол кўзга ташланиб туради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида мазкур тамойил: “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”, — деб мустаҳкамлаб қўйилган. 16-моддасида эса “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас»лиги қайд этилади. Яъни бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ҳамда қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги қатъий мустаҳкамланган.           
           Алоҳида урғу билан таъкидлаш жоиз, Конституциямизда эътироф этилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият экани бугунги кунда жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари таъминланаётганида ўз ифодасини топмоқда. Ўтган йиллар давомида адлия, суд-ҳуқуқ, прокуратура тизимида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларни кўз олдингизга келтириб кўринг: уларнинг ҳаммаси замирида инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг самарали механизми шаклланди. Шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тизимни янада демократлаштиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётганлиги билан монандлаштирилди. Айни шу жиҳатлар сўнгги йилларда мамлакатимизда ўтказилаётган соҳага оид қатор халқаро анжуманларда нуфузли экспертлар, хорижлик мутахассислар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Яна бир жиҳат: ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги эзгу мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида дастуриламал бўлаётган Конституциямизда бой миллий ҳуқуқий меросимиз ва илғор хорижий Конституциявий тажриба ҳамда замонавий халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, нормалари тўла акс этган. Биргина мисол, унда маҳалла институтига Конституциявий мақом берилишининг ўзиёқ миллий ҳуқуқий меросимиз тўла акс этганидан далолат. 
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси—миллий истиқлол мафкураси ғоялари сингдирилган миллий манфаатларимиз, истиқлолимиз ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

 

Ж.Ботиров
Жиноят ишлари бўйича

Пахтачи  туман судининг раиси

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM