Оммавий ахборот воситалари

 

ПАХТАЧИ ТУМАНИ ОММАВИЙ-АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ

"ПАХТАЧИ" ГАЗЕТАСИ ТАРИХИ

«Пахтачи» газетасининг дастлабки сони 1935 йилда “Учқун” номи билан лотин алифбосида чоп этилган. Унга ўша пайтда нарпайлик журналист Норқул Толипов муҳаррирлик қилган. У киши бутун куч-қувватини, билим ва тажрибасини ишга солиб, газетани давр нафасига мос тарзда чиқаришга, шу билан бирга туманимиз ёшларидан журналист кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратган.

1963 йилгача «Учқун» газетасига Холчучук Муллажонова, Ҳамдам Жунаидов, Соли Хўжаев, Қудрат Мизомов, Аҳмад Эшмуродов, Исмоил Иброҳимовлар муҳаррирлик қилишиб, заҳматли меҳнатлари ва баракали ижодлари билан туманимиз маърифати ва тараққиётига баракали ҳисса қўшдилар.

1963-1973 йилларда туманимиз Нарпай тумани билан қайта бирлашгач, “Учқун” газетаси ҳам “Қизил Норпой” газетаси билан бирлашиб, “Пахтакор овози” номи билан чиқа бошлаган. Ўша даврларда газетага дастлаб Қудрат Мизомов, сўнгра Исмоил Иброҳимов муҳаррирлик қилдилар.

1973 йилда Пахтачи тумани қайта ташкил этилгач, “Пахтачи” газетаси нашр этила бошланди. Унга Исмоил Иброҳимов муҳаррир этиб тайинланди. Бу пайтда газета ҳафтасига уч марта чиқарилиб, узоқ йиллар 5-6 минг нусхадан чоп этилди. Шундан кейинги даврда Обла Умаров, Файзулла Ўроқов, Баҳриддин Шамсиев, Умр Элмуродов, Қодир Шокиров, Тоғаймурод Қиёмов, Бекмурод Сафаров, Фармон Тошев, Миртемир Норбобоев, Жўрақул Нарзуллаев, Исмат Ҳасанов, Бахтиёр Қурбонов, Иззатулла Норқувватов, Усмон Халилов, Олим Хўжаевлар газетани вақтида юксак савияли қилиб чиқаришда самарали меҳнат қилдилар.

Республикамиз мустақиллиги газеталарга ҳам ўз ўрнида мустақиллик берди. Эски тузум барҳам топиб, янги жамият барпо қилиш давридаги табиий қийинчиликлар газета фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Бу даврда Тожимурод Ўткиров муҳаррирлик қилган газета жамоаси юз берган вақтинчалик қийинчиликларни сабр-бардош билан енгишга эришдилар. Бу давр журналистлари туман аҳолисини рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан вақтида хабардор этиш билан бирга меҳнаткаш халқ оммасини янги-янги меҳнат зафарларига руҳлантириш, ташаббускорликка кенг йўл очиш, маънавий, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш учун бутун куч ва иқтидорларини аямадилар.

Ўтган давр мобайнида ўнлаб қаламкашлар “Пахтачи” ижод мактабида “қайнаб”, қалами қайралиб вилоятимизга, республикамизга таниқли журналистлар бўлиб етишдилар. Улар орасида вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, “Маърифат” газетаси бўлим мудири Ойбуви Очилова, республикамизнинг турли нашрларида ижод қилаётган Лазизжон Бахранов, Ойдиннисо Йўлдошевалар борлигидан фахрланамиз.

Бугунги кунда “Пахтачи” газетасига Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Муродулла Шукуров муҳаррирлик қилмоқда. Газета ҳафтасига бир марта чоп этилиб, унда уч нафар ижодий ходим фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари “Пахтачи”нинг жойларда 50 нафардан ортиқ доимий муаллифлари бор. Улар орасида Қаҳрамон Норбоев, Эргаш Қурбонов, Холбой Ҳаққулов, Мардон Суюнов, Холмурод Қаҳҳоров, Фарангиз Холбўтаева, Неъмат Бобоноров, Замира Тоғаева, Исматуллоҳ Долиев, Замира Маманиёзова, Матлуба Муҳаммадиева, Тоштемир Ўроқов, Гулчирой Қодирова каби ўнлаб турли соҳа ходимлари борки улар мухбирликни иккинчи касбига айлантириб олишган. 

Газета таҳририяти қошида “Нафосат” ёш ижодкорлар тўгараги фаолият кўрсатиб келмоқда.

2015-2024 © Paxtachi tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM