Агросаноат мажмуида қишлоқ хўжалиги техникаларидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичдаги тенденцияси

Мамлакатимиз агросаноат соҳасида юқори маҳсулдорликка эришиш, қишлоқ хўжалиги ва тупроқ унумдорлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда 2019 йил 17 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан, давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари, тракторчи-машинистларни тайёрлаш тизимига доир низомлар ишлаб чиқилди. Агросаноат мажмуига тегишли техникаларга давлат рақами белгиларини ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни бериш, рўйхатдан, (қайта рўйхатдан), техник кўрикдан ўтказиш, тракторчи-машинист имтиҳонларини олишда ундириладиган тўлов ставкалари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинадиган ва техник кўрикка жалб этиладиган техникалари, таъмирлаш ва сервис асбоб-ускуналари турларининг рўйхати тасдиқланди.

Айтиш керакки, шу пайтга қадар фермер хўжаликлари, бошқа юридик ва жисмоний шахсларда фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган техникаларни ҳисобдан чиқаришга ундовчи механизм мавжуд эмас эди. Бу эса техникалар ҳисобини юритишда турли тушунмовчиликлар келтириб чиқарарди. Умуман, фойдаланишга яроқсиз техникалар турли рўйхатларда акс этиб келган.

Юқорида тасдиқланган низомларда бу каби камчиликлар ва ноаниқликларни бартараф этиш, хизматлар сифатини янада такомиллаштириш ва тизимли йўлга қўйиш белгиланган.

Жумладан, “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш режаси, техник кўрикдан ўтказиш, юклашдан олдин техник кўрикдан ўтказиш далолатномаси, схемаси, техникаларнинг ҳамда агрегатларнинг техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон намунаси ва тавсифи келтирилган.

Таъқидлаш жоизки, мазкур низом билан техникалар фойдаланиш ёки фойдаланмаслик, яроқли ёки яроқсизлигидан қатъий назар йилда бир маротаба мажбурий техник кўрикка жалб этилиши белгиланган. Мақсад – фойдаланишга яроқсиз техникаларни ҳисобдан чиқаришга йўналтириш.

Техник кўрик диагностика ва назорат-ўлчаш ускуналари билан жиҳозланган махсус автотранспорт воситаси ёрдамида ўтказилади. Хизмат муддатини ўтаган ёки белгиланган майдончаларга олиб келиш қийинчилик туғдирадиган техникаларни кўрикдан ўтказиш эса бевосита ишлаётган (сақланаётган) жойда ташкил этилишига рухсат берилади.

Техник кўрикдан ўтган техникаларнинг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида кўрикдан ўтган техникаларга ҳар йили махсус ҳимояланган талонлар берилади. Талонлар қатъий ҳисобда турадиган бланка тури ҳисобланади.

Фермер хўжаликлари ҳамда бошқа истеъмолчиларга етказиб берилган техникаларда олувчи ҳамда ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчилар ўртасида мунозарали ҳолатлар юзага келган, носоз, тўлиқ бутланмаган техникаларни етказиб бериш ҳолатлари учраган. Истеъмолчилар манфаатларини эътиборга олган ҳолда, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида юклашдан ёки божхонада расмийлаштиришдан олдин импорт қилувчи, харид қилувчи талабига асосан ёки назорат тартибида техник регламент талабларига мос эканлиги бўйича юклаш олди техник кўрикдан ўтказилиши белгиланди.

“Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом билан техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳам қатор ўзгаришлар киритилди.

Жумладан, техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, бу жараёнда уларга давлат рақами белгиларини бериш, техникаларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш, бошқа шахсларга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган техникалар билан келишувларни ҳисобга қўйиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, ҳисобдан чиқариш, эгалик ҳуқуқи ва ҳужжатлари мавжуд бўлмаган техникаларни расмийлаштириш ва рўйхатга қўйиш, тақиқга олиш ва тақиқдан чиқариш тартиблари белгиланди.

Давлат рўйхатидан ўтказишда талаб этиладиган ҳужжатларга аниқлик киритилди, қайси ҳолатларда техникаларни олди-сотди шартномалари нотариал идоралар орқали расмийлаштирилиши кўрсатилди.

Мазкур низомнинг иловасида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарга бериладиган техник паспортнинг намунаси ва унинг таснифи, техник паспорт берилмайдиган бошқа турдаги машина ва агрегатлар, технологик ускуналар, кичик механизация мосламаларига бериладиган техник гувоҳноманинг намунаси ва унинг таснифи, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини давлат рўйхатидан ўтказиш схемаси, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарнинг давлат рақами белгилари ҳамда техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ариза, маълумотнома, рухсатнома намуналари келтирилган.

Мулкдорларга бир қатор қулайликлар яратилди.

Жумладан, давлат рақам белгиларининг намуналари 2012 йилда тасдиқланган, янги намунада бўлганлиги, белгиланган талабларга жавоб бериши сабабли сақлаб қолинди, республика бўйича 100 минг донадан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиоратив ва йўл-қурилиш техникалари асосан бирламчи ҳужжатлари мавжуд эмаслиги сабабли давлат рўйхатига олинмасдан келинган. Янги низомда эгалик ҳуқуқи ва хужжатлари мавжуд бўлмаган техникаларни расмийлаштириш ва рўйхатга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди.

Унга кўра, эндиликда техникага эгалик қилишга юридик ёки жисмоний шахс томонидан тегишли ҳужжатлар тақдим этилганда вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиб, вақтинчалик техник паспорт ёки техник гувоҳнома берилади. Техникага давогар томонидан вақтинчалик 3 йил давомида техникага эгалик ёки сотиш ҳуқуқи берилмайди. Уч йил давомида ушбу техникага давогар чиқмаган тақдирда, у тақдим этган юридик ва жисмоний шахсга доимий мулк хуқуқи билан расмийлаштирилади.

Шу билан бирга техникалар олингандан кейин 10 кун муддатда расмийлаштириш белгилаб қўйилди. Муддатнинг бузилиши эса маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Халқаро стандартлар асосида тайёрланган “TEXNIK PASPORT” ва “TEXNIK GUVOHNOMA” 2019 йил 1декабрдан Тошкент шаҳрида, 2020 йил 1мартдан ҳудудларда жорий этилади.

Тасдиқланган янги намунадаги пластик шаклдаги техник паспорт ва техник гувоҳнома намуналари