ҚАРНОБ ОТА

ҚАРНОБ ОТА

Мўйсафид Жанубу Шимолни боғлаган Буюк Ипак йўли билан сарҳадсиз чўлни Дарвозақир туташтиради. Унинг бағрини кесиб ўтган қадимий йўл чўлнинг қоқ марказига қадар чўзилиб боради. Биёбон белидаги бу тилло камарнинг бўйларида бирорта ҳам дарахт йўқ. Тангадай соя ташлайдиган довдарахт сувга ташна бу қақроқ дашт тупроғининг пешонасига битмаган бўлса на чора?!

Бир-биридан жой талашиб ястанган қирлар чўлга ташриф буюрган кимсага бағрини кўз-кўз қилиб қучоғига чорлайди. Дашт қўйнидаги шувоқ ва исириқлар, сўнгсиз далалар узра парвоз қилаётган қушлар томошаси билан хаёлни банд этган ташвишлар сўнгги қир узра бир жаннатмакон гўшага рўбарў қилади.

Бу – Қарноб, чўл чамани. Бепоён чўл бағридаги бу чаманзорда тароват ўзгача, табиат ўзгача. Қир устида ажойиб манзара хаёлни мафтункор оламнинг гўзалликлари сари етаклайди.

Қарнобнинг ўз тарихи бор.Илмий тадқиқотлардан маълумки, “қарноб” сўзи арабча “қарн” ва тожикча “об” сўзларининг бирикувидан ташкил топган. “Қарн” сўзи “шоҳ”, “тоғ чўққиси”, “бошланиш”, “энг учи” маъноларини англатади. “Об” сўзи “сув” демакдир. “Қарноб” – чўл бағридаги сувли жой маъносини ифодалайди. Бу қадимий маскандаги чашма неча минг йиллар давомида аҳолини сув билан таъминлаб келган.

Қишлоқнинг асл номи Қарноб бўлиб, аҳолиси қарноби (қарноблик) деб юритилган. Кейинчалик сўз шакли бироз ўзгариб, манзил “Қарнаб” шаклида қўлланган, аҳолиси эса қарнаби (қарнаблик) деб аталган.

Қарноб ҳудудидаги ноёб обидалар бу масканнинг қадимийлигини исботлайди. Ўтмишда бу кенгликларда яшаган инсон қавми Қарноб бағридаги қоя, сой, дара тошларига қаттиқ буюмлар билан уриб-чўкичлаб суратлар солишагн. Дара, қоя тошидаги тоғ такаси, Зирабулоқ, Зиёвуддин тоғларининг жанубий томонидаги тошлардаги бурма шохли эчкилар, от устидаги овчи, икки ғилдиракли арава шакллари бобокалонларимизнинг турмуши, маданий ҳаёти ҳақида безабон ҳикоя қилади.

Қарноб қучоғидаги бу мазкур қадимий ёдгорликларнинг ёши 3-4 минг йилларга бориб тақалади. Сурат бўлиб қотган ҳунарлар неча минг йиллар оша тиниб-тинчимай маҳнат қилган қўли гул аждодларимизнинг юксак санъат соҳиблари бўлганлигини исботлайди.

Бундан 2,5-3 минг йиллар бурун синчков аждодларимиз Қарноб ҳудудидан қалай қазиб олишган. Бу борада улар маълум қоида ва тартибга риоя қилишган. Бронза даврининг энг қадимги ёдгорликларидан ҳисобланган Қарнобдан бугунги кунда ҳам қалай қазиб олинмоқда.

Чўл қўйнидаги энг катта тепаликлардан бири Қарноб тепадир. Сув манбаига яқин, яшаш учун қулай ҳисобланган тепа баланд ва қалин пахса девор билан ўралган. Ундан ҳимоя воситаси ўрнида фойдаланилган. Қўрғон девори қолдиқлари ҳозирги кунда ҳам сақланиб қолган. Атайлаб баланд тепаликда қўрғон бунёд этилган. Кенг ҳудуддан иборат бу жойда аҳоли истиқомат қилган. Қўрғоннинг иккита дарвозаси бўлиб, шарқи-шимолий томондагиси “Кунчиқар дарвоза”, жануби-ғарбий томондагиси эса “Қибла дарвоза” деб юритилган. Кейинчалик душмандан ҳимоя қилишни яхшилаш мақсадида Қибла дарвоза беркитилиб ташланган.

Қарнобликлар узоқ замонлардан буён ўтроқлашиб яшайдилар, уларнинг шеваси ҳам қадимги. Бу қадимийлик тил фактларидан асосан феълларда кўзга яққол ташланади. Қарноб шеваси қорлуқ-чигил-уйғур гуруҳига кирувчи шевалар билан ўзаро боғлиқ бўлиб, бир қанча ўхшашликлар ва умумий хусусиятларга эга. Олимлар Қарноб ва Тошкент шевалари ўртасида умумий хусусиятлар мавжуд, деган илмий хулосага келишган.

Яна шуни айтиш ўринлики, қарнобликлар шеваси яқин атрофдаги қўшни қишлоқларда яшовчи аҳоли шевасидан бутунлай фарқ қилади. Чўл марказидаги бу кўҳна манзил кишиларнинг шеваси ўзига хос хусусиятларга эга. Улар бемалол, шошилмасдан сўзини – энағанин; сувни – су; қатиқни- қаттиқ; акани – ока; чўкаяпманни – биқиллаяпман; яйловнинг сувли жойини – газар дейишади. Бу намуналар Қарноб аҳолиси аждодлар удумига содиқ қолиб, бобокалонлари сўз бойлигидаги айрим сўзларни қадимдан буён ўз ҳолича сақлаб келаётганлигидан далолат беради.

Қарнобнинг ғарбий шимолида – Тўритоғ бағрида кўпчиликка маълум бўлган ғор мавжуд. Бўлган ва бўлмаган воқеаларни ўзида ифодалаган турли ривоятлар, ғор ҳақидаги овозани чўл оғушидан анча узоқлардаги манзилларга ҳам тарқатган. Ғорга икки йўл орқали кирилади. Биринчиси, тоғ бағридаги улкан яхлит тошлар кўксидан табиат кашф этган туйнукдан арқонга осилиб тушилади. Иккинчиси, тоғ ёнбағридаги дара томондан кейинчалик очилган нотекис ва сал айланма йўл орқали машъала ёқиб борилади.

Ғорнинг ичи анча кенг, аммо нотекис. Туйнукдан оқиб тушган сув туфайли ўнқир-чўнқирлар пайдо бўлган. Томчилар йиғилишидан юзага келган сув кўлмакларини тарк этиб, ўз ўзани бўйлаб тоғнинг зулмат қоплаган сарҳадсиз юқори – тўр томонига оқади. Қарноблик қарияларнинг айтишларича, ғор тубидаги бу ариқчадан илгарилари қишин-ёзин сув оқиб турган.

Ғор шипида осилган сумалаксимон оҳаклар ўзига хос бир жозиба кашф этган. Табиатнинг бу ғаройиб ва ажойиб мўъжизаси чанг ва ғуборлардан тусини сал ўзгартирганга ўхшайди.

Тош туйнукдан тушган ёруғлик ғорнинг анча қадимий эканлигини англашда кўмаклашади. Бу кўҳна макон ичида инсон шарпасини сезиб безовта бўлган қушларнинг пориллаб учиб чуғурлашидан ғор акс-садо беради. Сон-саноқсиз инлар, чиқиндилар қатлами бу ғор неча юз йиллардан буён қўш қанотли жониворларнинг қадимий ошиёни бўлганлигини исботлайди.

Қадимий қўрғоннинг шимоли-шарқий томонида кўҳна қабристон мавжуд. Қарноб қишлоғида марҳумлар алоҳида бир тартиб асосида ўша ерга дафн этилади. Қарнобда қадим-қадим замонларда бу манзилда яшаган етти аждод вакилларининг жасадлари илк бор ердан хона шаклида чуқур қазилиб, кунчиқар томонга аёллар, қибла томонга эса эркаклар майитлари қўйилган. Хонага кириш учун алоҳида туйнук қўйилган. Ер остидаги хонанинг девори ганчланган, кириб чиқилгач, тошлар билан яна беркитилиши учун мўлжалланган. Кейинчалик қарнобликлар етти аждодлари дафн этилган жой яқинида марҳумлар жасадини санағага қўйишга одатланган.

Бир неча асрлардирки, ўша етти аждод давомчиларининг ҳар бирида 10-15 та санаға бўлиб, уруғ вакилларидан бири вафот этса, ўша сағаналардан бирига аввалги тартиб асосида дафн этилади. Ер устидан ғиштдан иккитадан сағана тикланган: марҳум эркаклар қибладаги, марҳум аёллар эса кунчиқардаги сағанага қўйилади. Олдин дафн этилган кишининг суяклари бир четга суриб қўйилиб, яқинда вафот этган кишининг жасади жойлаштирилади. Уруғ вакилларидан яна бирор киши олти ой давомида ўлган тақдирда, ўша уруғ ихтиёридаги учинчи сағанага жинсига кўра дафн этилади.

Зиёратгоҳнинг марказида дахма ўрнатилган. Қарноб қишлоғи аҳолиси ўртасида шундай бир ҳикоя бор. Айтишларича, бу қадимий манзилга илк бор келиб муқим яшаган кишиларнинг оқсоқоли Иброҳим шайх деган киши бўлган. Шайх ўз даврининг улуғ кишиси ҳисобланган. Аҳоли билимдон ва тадбиркор бу зотни ҳурмат қилган. Чўл элининг бузурги – машҳур инсон Иброҳим шайх паймонаси тўлиб бандаликни бажо этган. Уни тепалик яқинига дафн этишган. Ҳамқишлоқлари шайх дафн этилган жойни муқаддас ҳисоблашган. Шу-шу эл бу жойни “Қарноб ота қабристони”, деб эъзозлашади. Неча юз йиллардирки, мазкур табаррук жой диёнатли кишиларнинг доимий зиёратгоҳига айланган.

Қарноблик мўътабар қарияларнинг айтишларича, Бухоро амири томонидан Қарнобга қози этиб тайинланган Тожиддин хожа Шодмон хожа ўғли чўл бағридаги бу ерни обод, юртни фаровон этиш борасида анча ишлар қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган. Шунинг учун ҳам қарнобликлар унинг номини фахр билан тилга олишади.

Диёнатли инсон Тожиддин хожанинг (Тангри унинг гўрига нур ёғдирсин) катта саъй-харакатлари туфайли чўл бағридаги хушманзара манзил Қарноб қишлоғининг довруғига довруқ қўшган.

Қарноб ота дафн этилган жойдаги дахма таъмирланиб сайқалланган.

Сангтарош томонидан мармартошга битилган настаълиқ хатидаги ёзув киши хаёлини тарих бағрига чорлайди (ҳозирги имлода): Бони равзаи мунаввара ва мақбараи мутаҳҳарйи қутбул-ақтоб ҳазрати Қарноб Ота наввара марқада ва қози Тожиддин хоча валади марҳумии мир Шодмон хочайи мири Асад, саловотуллоҳу. Дар аҳди амир ал-мўъминин Амир Ҳайдар Султон, саламотуллоҳи Саййид, санаи 1233.

Ўзбек тилидаги таржимаси:

Ҳазрати Қарноб Отонур қутбул-ақтоб пок мақбаралари ва мунаввар равзалари оромгоҳининг амир ал-мўъминун Амир Ҳайдар Султон саламуллоҳи алайҳи ҳукмронлиги даврида – 1233 (милодий 1817-1818) йилда қурувчиси қози Тожиддин хожа марҳум мир Шодмон хожа ўғли мир Асадуллоҳ ўғлидир.

Чўл бузурги Иброҳим шайх – Қарноб ота дафн этилган жойда дахма тикланиб мармартош ўрнатилганидан 10 йил кейин Аллоҳнинг ҳукми билан хайр-саховатли қози Тожиддин хожа ҳам оламдан ўтган. Қариндош-уруғлари ва танишлари унинг васиятига кўра дафн этишган. Тожиддин хожа улуғ пири бўлмиш Қарноб отанинг оёқ учи томонига лаҳадли гўрга қўйилган. Чунки ўз даврининг улкан алломаси ҳисобланган Қарноб ота – Иброҳим шайхдек табаррук зотга нисбатан ҳурмати ва эътиқоди бениҳоя ортиқ бўлган. Шунинг учун ҳам ҳамқишлоқлари марҳумнинг айтганларини амалга оширишган. Қози тайинлаганидек қарнобликлар ўша йилнинг ўзида унинг қабри узра устози шайхга қўйилган мармартошга ўхшаш, аммо ундан хиёл кичик ёдгорлик ўрнатишган.

Настаълиқ хатидаги ёзувда форс тилида шундай жумлалар мавжуд (ҳозирги имлода):

Илоҳо бо иззи зи номи расул,

Бикун тавбаи хатми умрам қабул.

Зи гуфрони оми ту дорам умид,

Магардон маро шармсору малул.

Аллоҳума жаъал ҳозал қабра равзатун мир риёзил жаннати, вало таъалла хифратун мин хифрин нирони.

Ин қабри Тожиддин хожа валади мир Шодмон хожа валади мағфиратуллоҳ Шодмон хожа Абдулқодир азизон. Ва сақаллоҳу суроҳум ва жаъалал жаната мисвоҳум сана 1244.

Ўзбек тилидаги таржимаси:

Расул номин эъзозлаб тилаганим Аллоҳ, шул:

Умримнинг охирида тавбамни айла қабул.

Шавкатингдан, эй Эгам, умид қилган бандангман,

Охиратда шармисор этмоқни кўрма маъқул.

Парвардигорим, бу қабрни жаннат боғларидан бир боғчага айлантир, унинг нурдан яралишида монеъликлардан сақлагил. Бу Тожиддин хожа мир Шодмон хожа (Аллоҳ унинг гуноҳларини афв этсин) Абдулқодир Азизон ўғлининг қабридир.

Парвардигор, бу қабрда ётган зотнинг жойларини жаннатдан қил. 1244 (милодий 1828-1829) йил

Қарноб ота – муқаддас зиёратгоҳ.

Асримизнинг 70 йилларининг бошида чашма сувларининг сизиб чиқиши аста-секин сусайиб чашма қуриб қолди... Кейин балиқлар ҳам хароб бўлди. Натижада табиатнинг ортиқча “карашма”сидан хуноби ошган айрим “билимдон”лар уни қаттиқ жазолаб, бутунлай бўйсундириб олиш пайига тушишди: замин кўксини пармалаб баҳайбат узун қувурлар ер бағрига тиқилди. Осудаликка мослашган дашт қўйнига қўл солиб, сунъий чашма қазишди. Бағри илма-тешик бўлган чўл бағридан сув отилиб чиқди: яна ариқлар тўлиб оқди. Аммо бу қувонч узоққа бормади. Сунъий чашма ҳам қуриб қолди. Мана йигирма йилдан ошдики, табиатнинг улуғ инъом-эҳсонидан она Замин бенасиб.

Қарнобда ҳам, бу хушманзара манзилда бўлганлар суҳбатидан ҳам доимо бир масала кўндаланг: чашмадан сув чиқмадими???

Зиёвуддин тоғиниг баланд Қизбуви чўққисидан сув сизиб чиққанда унга туташ кенг чўлнинг паст қисмидаги Қарноб аталмиш манзилда яна сув сизиб чиқса, бунинг нимаси ажабланарли!?

Чашма харобаларидан карахт хаёл кўнгилни безовта қилади. Армонли йиллар қаъридан кўтарилган фарёднинг акс садоси олис-олислардан қулоқларга элас-элас эшитилади. Бу кўзлари сўқир, бағри яра, пешонаси шўр ўша чашманинг оҳи:

Қарноб ота ичра саждагоҳ –

Булоқларга эдим шоҳаншоҳ.

Харобада оҳ урдим, эвоҳ,

Кеча дуо олган чашмаман!

Бугун қуриб қолган чашмаман...

       Йигитлари Алпомишдай зўр,

Аёллари Барчиндай суқсур.

Қоракўл мўл, қирлари – ҳузур...

Қарноб деган элга ташнаман!

Нетай, қуриб қолган чашмаман...

Ариқ тўлиб оққанман, ахир,

Чўл бағрига ёққанман, ахир,

Қарноб халқин боққанман, ахир!

Минг-минг дуо олган чашмаман!

Бугун қуриб қолган чашмаман...

Сағаналар, етти жуфт мозор...

Жудоликдан кўнгилда озор,

Пешонамда тағин нелар бор?..

Элга довруқ солган чашмаман!

Бугун қуриб қолган чашмаман...

Зартепага кўтаришиб даст,

Толеимга этгач суиқасд,

Исириқлар ҳидидан сармаст,

Ер бағрига сингган чашмаман!

Қайнаб-қайнаб тинган чашмаман...

Бойлигим деб адо қилдилар,

Бор-йўғимдан жудо қилдилар,

Охир мени гадо қилдилар,

Ҳамма билган гўша – чашмаман!

Ахир ўша-ўша чашмаман...

Ким ҳам тинглар дардли сўзимни?

Қачон очгум сўқир кўзимни?

Неча йилдир йўқлаб ўзимни,

Йиғлаб-йиғлаб толган чашмаман!

Бугун қуриб қолган чашмаман...

Йиғлай десам кўзда ёшим йўқ,

Сув тубида балиқ, тошим йўқ,

Тилсиз гунгман, танда бошим йўқ...

Майсаларга ахир ошнаман!

Бугун қуриб қолган чашмаман...

Соғинтирар юксак тоғлари,

Жаннатмакон сўлим боғлари,

Кўрганмисиз, кўклам чоғлари?

Чўл қўйнига ҳамон ташнаман!

Бугун қуриб қолган чашмаман...

Кимга айтай дилдаги оҳим?

Недир ахир менинг гуноҳим?

Ёлвораман: қўлла, Аллоҳим!

Кеча дуо олган чашмаман,

Бугун қуриб қолган чашмаман...

Юз минг йиллик тарихга эга бўлган Зиёвуддин воҳасининг ажралмас қисми бўлмиш Қарноб ота – чўл бағридаги хушманзара манзил. Бу юртни қанча мадҳ этса шунча оз.


    Фойдаланилган адабиётлар:

1. Исмат Санаев. Зиёвуддин тарихи. Шарқ нашриёт-матбаа концернининг бош таҳририяти, - Тошкент: 1995, 348 б.

2. Исмат Санаев. Бу кўҳна дунё. Адолат нашриёти, – Тошкент: 1996, 104 б.

3. Исмат Санаев. Самарқанд, бу- Самарқанд. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон

Миллий кутбхонаси нашриёти, - Тошкент: 2007, 92 б.

4. Исмат Санаев. Қарноб ота. Зарафшон нашриёти, – Самарқанд: 1999, 28 б.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM