9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган маросимда Пахтачи тумани ҳокими Рахимов Вохид Санақуловичнинг нутқи

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган маросимда Пахтачи тумани ҳокими Рахимов Вохид Санақуловичнинг нутқи

Ассалому алайкум азиз тумандошлар, қадрли фахрийларимиз!

Бугун Ватанимиз ва бутун халқимиз Иккинчи Жаҳон урушида фашизм устидан қозинилган Ғалабанинг 73 йиллигини кенг нишонламоқда. Ана шу буюк сана билан аввало бу машъум урушда қатнашиб, мардлик ва жасорат кўрсатган барча уруш фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган тумандошларимизни, бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман. Яна шуни айтиш жоизки, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

ХОТИРА деганда биз бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир.

Хотираси бўлмаган, тарихини унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Бу ҳақиқатни кишилик тарихи исботлаб турибди.

Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон халқига ҳам кўп кулфатлар келтирди. Уруш бошланган пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион кишига яқин бўлган. Шундан 1,5 миллион киши, яъни, қурол кўтаришга қурби етадиган одамлар урушда қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди жанггоҳларда қурбон бўлган. Урушда қатнашган юртдошларимизнинг 338 нафари жанглардаги мардлиги учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Жумладан, туманимиздан урушга чақирилган Қудрат Суюнов, Дмитрий Васильев, Станислав Костровлар ҳам шундай юксак унвон билан тақдирланган. Фронт ортида ҳам мардонавор меҳнат қилинган. Кексалар, аёллар ва ёш болалар кучи билан фронтга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, ҳарбий техникалар етказиб берилган. Шу билан бирга ўзбек халқи ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган жойлардан эвакуация қилинган 1,5 миллиондан ортиқ кишини ўз бағрига олган, бошпана берган, очликдан сақлаб қолган.

Иккинчи жаҳон урушида туманимиз ўғлонларидан 6039 нафари иштирок этган. Уларнинг 2362 нафари яқинлари бағрига қайтиб келмаган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан фахрийларимизни ижтимоий ҳимоялаш кўлами янада кенгайди. Шунингдек, Президентимизнинг шу йил яна шу санадаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан уруш қатнашчилари ва ногиронларига бир йўла тўланадиган 5 миллион сўмдан пул мукофотлари ва совға-саломлар тантанали, байрамона тусда топширилди.

Жумладан, туманимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари  Ходи Адизов, Тўхли Одилов, Ғаппор Сапаров, Бўри Ҳасановга Президент совғалари ва пул мукофоти тантанали равишда, кенг жамоатчилик иштирокида топширилди. Ҳозирги кунда туманимизда ҳаёт кечираётган фронт орти меҳнат қатнашчиларидан бўлган 136 нафарига ҳам кенг жамоатчилик ва ҳомийлар томонидан байрам совғалари берилиб, улар ҳолидан хабар олинди.

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалаба қозонилганига 73 йил тўлди. Бу ғалаба дунё тарихида, ҳеч шубҳасиз, абадий сақланиб қоладиган улуғ бир сана.

Бу бешафқат урушда собиқ СССРнинг ўзидан 27 миллион одам қурбон бўлган. Бунча одам ҳалок бўлганини ўйлаш, фараз қилиш, кўз ўнгидан ўтказишнинг ўзи изтиробли ҳол.

Бу уруш башарият бошига солган чексиз мусибатлар ҳеч қачон унутилмайди. Уруш майдонлари ва фронт ортида миллионлаб одамлар кўрсатган жасорат ва матонат тарихимизда, халқимиз хотирасида абадул-абад сақланиб қолади.

Ўтганларнинг хотираси олдида таъзим бажо келтириш, инсонни тириклик чоғида қадрлаш масаласини барчамиз ўзимизнинг энг долзарб бурчимиз, деб билмоғимиз ва уларга қўлдан келгунча меҳр-мурувват кўрсатишимиз шарт.

Уруш қатнашчиларининг сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Халқимизда “Одам ғанимат” деган ҳикматли бир ибора бор. Дарҳақиқат, биз учун барча ота-боболаримиз, кексаларимизнинг ҳаёти ғанимат. Уларнинг умрини узайтириш, ҳар томонлама мазмунли ҳаёт кечириши учун ҳисса қўшиш, уларга кенг миқёсда шароитлар яратиб бериш барчамизнинг бурчимизга айланиши зарур.

Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин узоқни кўзлаб, ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган талабларни инобатга олиб, одамийлик, инсонпарварлик фазилатларини улуғлашимиз, умуман, Ватан учун, элу юрт учун хизмат қилган инсонларнинг азиз номларини абадий ёдда сақлашимиз керак. Инсон хотирасини эъзозлаш йўлида қилинган бундай савобли ишлар ҳеч қачон унутилмайди.

Барчангизни Хотира ва қадрлаш куни байрами билан яна бир бор самимий табриклайман. Хонадонларингизда файзу барака, юртимизда тинчлик абадий бўлишини тилаб қоламан.

2015-2019 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM