Матбуот анжумани: Тарбияда танаффус бўлмайди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари бугунги Матбуот анжуманимиз мавзуси Тарбияда танаффус бўлмайди тўғрисида.

Оила-жамиятнинг таянчи. Фарзандларимиз онгида элу юртга, Ватанга муҳаббат туйғулари оилада, яшаб турган маҳаллада шаклланади. Мамлакатнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-унаётган болаларимизга боғлиқ. Қайси оилада, қайси маҳаллада тарбия яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла гуллаб-яшнайди.

Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ, она қорнидан бошлабоқ шуғулланиш лозим, деб жавоб берган.Оила, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. Маҳалла аҳли, айниқса кексалар кўчада нопок иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб тўғри йўлга чақирган.

Оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз.

XXI асрда турли ҳаёт тарзлари ва ғоялар рақобатга киришди. Бунда муваффақиятга эришиш учун ҳар бир давлат ўзлигини сақлаган ҳолда диний ва миллий қадриятларини бошқаларга англатишни асос қилган мафкурага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, ўзликни йўқотиш, бебаҳо қадриятлардан воз кечиш кишини тараққиётдан ажратиб, уни тобе, мустақил фикри йўқ манқуртга айлантириб қўяди. Ҳозирги кунда ғаразли мақсадларни амалга ошириш учун зимдан олиб борилаётган фитналар баъзи миллатларнинг ўзлигини йўқотишга қаратилганини сезиш мумкин. Бунда эътибор худудларини эгаллаш эмас, балки инсон онгини эгаллашга йўналтирилган.

Бугунги кунда оилавий тарбиянинг қийинлашуви шундаки, биринчидан, жамият тараққий этиб боргани сари ҳар томонлама етук инсонни шакллантириш талаблари ортиб бораверади. Бу эса оилада болага эстетик, ахлоқий тарбия бериш сифати ва кўламини ошириш талабини қўяди.

Иккинчидан, ёшларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришда, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда буюк мутафаккир аждодларимиз мероси катта аҳамият касб этади. Зеро, ҳаётнинг асл мазмун-моҳиятини англаб етишга ўз умри ва салоҳиятини бағишлаган алломаларимизнинг асарларида соғлом авлод тарбияси билан боғлиқ масалаларга алоҳида ўрин берилган.

Ёш авлод етук ва комил шахс бўлиб вояга етиши учун яна бир муҳим омил ҳаёт тарзига айланиши зарур. У ҳам бўлса “китобхонлик”. Бунинг учун юртимизда барча шароитлар яратилинган. Оммавий, илмий кутубхоналар, “Айбук” тарзидаги китоб-кафе дўконлари ва бошқалар сўзимизнинг яққол мисолидир.Ота-она фарзандига вақтни унумли ўтказишни ўргатишида восита сифатида фойдаланиши мумкин бўлган усуллардан яна бири-замонавий ахборот технологияларидан оқилона фойдаланишдир.Ота-она болада эстетик тарбия, гўзал манзаралардан завқ олиш ҳиссини шакллантириш учун уни ўзи билан бирга табиатдаги манзарали жойларга, музейларга олиб бориши ва шу билан бирга унинг қалбида гўзаллик латофатини сингдириши муҳим.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мустаҳкам маънавий иммунитетли, ўзининг фикрларини равон айта оладиган, юқори марраларга эришувчан авлодни тарбиялаш учун ота-она, оила муҳити жуда катта аҳамият касб этади. Ҳеч кимга сир эмас, инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини заҳарлашга қаратилган турли хавф-хатарлар ҳам кучайиб бораётган бугунги кунда ўзининг кимлигини, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб, она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган, имон-эътиқоди мустаҳкам ёш авлодгина муқаддас заминимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга қодир бўлади.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайлики, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллати, динига ва анъналарига содиқ бўлиб камол топишсин.

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM