Cудралувчи какра бегона ўт

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Судралувчи какра тупроқнинг 65 см.лик  қатламида 1 гектар майдондаги барча илдиз ва илдизпояларнинг узунлиги қарийб 25 км га етади.  Бу ўт тупроқдаги  озуқа моддаларни маданий ўсимликларга нисбатан 2-5 марта кўпроқ сўриб олади. Бундан ташқари, у ўзидан бошқа ўсимликларни ўсиши ва ривожланишини секинлаштириб, тўхтатиб  қўювчи модда ҳам ажратиб чиқаради. Шунинг учун ҳам маданий ўсимликларнинг ривожланишига салбий таъсир этувчи бу карантин организмга қарши вақтида кураш олиб бориш зарур.

Судралувчи какранинг келиб чиқиш маркази Марказий Осиё ҳисоблансада, бу карантин ўсимлик Африкадан ташқари барча ҳудудларда кўп учрайди. Судралувчи какра Осиё, Европа, Марказий ва Жанубий Америкада, Австралияда учрайди.

Судралувчи какранинг пояси шохланган бўлиб, ўсимликнинг баландлиги 20 см.дан 40 см.гача тик ўсади. Илдизи ўқ илдизли, яхши ривожланган. Гуллари икки жинсли, 5 аъзоли, қизил рангдаги бошоқсимон тўпгуллар саватчасимон тўпгулларда жойлашиб, новданинг учида ҳосил бўлади. Уруғи тескари тухумсимон, учлари понасимон қисқариб борадиган, яполоқ, силлиқ, соҳта меванинг ичида ҳосил бўлади. Новдаларининг ривожланиши ва пайдо бўлиши эрта баҳордан бошланади ва кеч кузгача давом этади. Какра май-июн ойларида гуллайди, мевалари июн-июл ойларида пишиб етилади. Бу давр одатда бошоқли ғалла экинларининг ҳосилининг йиғиш пайтига тўғри келади.

Судралувчи какра ўсимлиги уруғидан униб чиққандан сўнг дастлабки ой секин ўсиб ривожланади: 2,3,5 ойларда атига 5-7 баргдан иборат поя шакилланади. Судралувчи какранинг илдизларида углеводларнинг  кўплаб заҳираси тўпланади, шу боис улар новда ҳосил қилувчанлик энергиясининг катталиги билан ажралиб туради ва кўп марта кесилганда ҳам кўкариш хусусиятига эгадир.

Судралувчи какра бутунлай йўқ қилиниши жуда қийин бўлган ва кўпгина мамлакатларда карантин бегона ўтлар рўйхатига киритилган ўсимлик ҳисобланади. У тупроқдан сув ва ундан эриган минерал моддаларни кучли ўзлаштиради. Унга қарши кураш чоралари қаторига уруғлик материалларни қатьий назорат қилиш, алмашлаб экиш қоидаларига амал қилиш, бу бегона ўт тарқалган далалар иккинчи йил шудгор қилиб қолдирилиши керак.

Судралувчи какрага қарши умумлашган кураш чора тадбирлари билан биргаликда, кенг аҳоли оммаси орасида ҳам тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш, уларни ҳам судралувчи какрага қарши кураш тадбирларига жалб этиш мақсадга мувофиқдир.

Юқоридаги тадбирларни амалга оширган тақдирдагина судралувчи какрага қарши самарали кураш олиб борилишини таьминлаган бўламиз.

А.Абдунабиев, Ф.Пармонов ва Ш.Рамазонов

Пахтачи тумани ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими агроном-энтомологлари

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM