Туризм янада равнақ топади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

2019 йил 5 январда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Туризмни, аввало, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш мақсадида чиқарилган бу Фармон билан 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Концепцияда қуйидагилар назарда тутилган:

туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратиш;

транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш;

туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш;

ички туризмни ривожлантириш;

мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш;

туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.

Фармон билан тасдиқланган мазкур Концепцияга кўра, туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий босқичлари қуйидагилардан иборат:

2019–2020 йилларда – туризмни ривожлантириш учун мустаҳкам қонунчилик базани яратишга қаратилган институционал ислоҳотлар, инфратузилмани модернизациялаш ва мамлакат брендини тарғиб қилиш;

2021–2025 йилларда –  мамлакат иқтисодиётида туризм индустрияси улушини кўпайтириш. Ушбу йўналишда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 5 фоизгача (2017 йил якуни бўйича – 2,3%) етказиш, шунингдек, 2025 йил якунига қадар 9 миллиондан ортиқ туристларни, шу жумладан, узоқ хориждан – 2 миллион туристни жалб қилиш белгилаб қўйилган. 

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан:

45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим белгиланди;

76 та давлат фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлади.

2019 йил 15 мартдан 30 кунлик электрон кириш визасининг қуйидаги турлари берилади:

икки марталик, консуллик йиғими 35 АҚШ доллар;

кўп марталик, консуллик йиғими 50 АҚШ доллар.

Шунингдек, Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қуйидаги қўшимча кириш визалари берилади:

“Vatandosh” – асли ўзбекистонлик бўлган кишилар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган қариндошларининг таклифномаси асосида бериладиган икки йиллик виза;

“Student visa” – Ўзбекистонда жойлашган таълим муассасаларида таҳлис олаётган чет эллик талабаларга бериладиган бир йиллик виза. Ушбу виза республикадаги таълим вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари мурожаатига асосан расмийлаштирилади;

“Academic visa” – Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва таълим фаолиятини олиб бориш истагида бўлган чет элликлар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга, Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари мурожаатига кўра берилади;

“Medical visa” – Ўзбекистонга даволаш-профилактика муассасалари таклифига асосан ташриф буюрувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза.

“Piligrim visa” – зиёрат визаси бўлиб, ушбу виза сайёҳлик фаолияти субъектлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита сўровига кўра чет эллик фуқароларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун 2 ойгача бўлган муддатга берилади. 

Бундан ташқари, 109 та давлат фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи берилди. Ушбу ҳуқуқ қуйидаги миқдорлардаги кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда берилади:

 Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида – 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида – 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида – 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Биринчи навбатда Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси, ташиладиган йўловчилар сони ва инвестицияларни кўпайтириш учун республикадаги транспорт алоқа тизимини тубдан яхшилаш-Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, фармон билан блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда рейсларни (автобус, авиа ва темир йўл) қулай тарзда боғловчи йўл чипталарини сотишни назарда тутувчи республика транспорт тизимининг ягона электрон порталини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида ташкил этиш назарда тутилган.

Мазкур Фармон мамлакатимизда туризм фаолиятини такомиллаштириш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек соҳани мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминловчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM