Ботулизмдан эҳтиёт бўлайлик

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

 Ботулизм касаллиги озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишнинг энг оғир тури ҳисобланади. Касалликнинг келиб чикиш сабаби бу микроб озиқ-овқат маҳсулотларида кислородсиз муҳитда кўпаяди. Бундай маҳсулотлар жумласига бодиринг ва помидор тузламалари, бақлажон ва сабзавотлардан тайёрланган икралар, қузиқоринли таомлар, ҳар хил салатлар, дудланган балиқ ҳамда колбасаларни киритиш мумкин. Касалликни қузғатувчи микроб атроф – муҳитга чидамли бўлиб, беш соат давомида қайнатилса ҳам нобуд бўлмайди.

Ботулизм таёқчаси спора кўринишида консерваланаётган банкаларга тушади. Шундан сўнг, у ўзидан заҳар – ботулотоксин ажратиб чиқара бошлайди, аммо консерваланган маҳсулотнинг ранги ҳам ташқи кўриниши ҳам деярли ўзгармайди. Инсонда зарарланган маҳсулотларни истеъмол қилгандан кейин 2-3 соат ёки 1-2 кун ўтгач касаллик аломатлари пайдо бўлади. Ботулизмга йўлиққан кишининг кўнгли айнийди, қайт қилади, ҳолсизланади, кўзи ҳиралашади, буюмлар кўзига иккита бўлиб кўринади.

Битта кўзнинг қовоғи тушади. Овқатни ютиш ва гапириш қийинлашади, қорин қисмида қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Касаллик заҳарланишнинг даражасига қараб ҳар хил кечиши мумкин. Диафрагманинг фалажланиши туфайли оғир нафас етишмовчилик беморнинг ўлимига сабаб бўлади.

Агарда оила аъзоларингизнинг бирортасида юқоридаги касаллик аломатлари кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг.

Касалликнинг олдини олиш учун уй шароитида консервалаш жараёнида биринчи навбатда, янги узилган, урилмаган, эзилмаган маҳсулотларни танлаш мақсадга муфовиқ.

Сабзавотлар ва кўкатларни яхшилаб оқар сувда ювиш керак. Шунда сабзавот ва кўкатларга ботулизм таёқчалари даҳл қилмайди. Катта –катта идишларда ҳар хил тузламалар тайёрлаш тавсия этилмайди. Чунки бундай идишнинг энг пастки қисмида кислородсиз жойлар бўлиши мумкин.

Янги йил байрамига тайёргарлик арафасида ҳамма бозорлардан турфа ноз- неъматларни харид қилишга ошиқади. Айникса, байрам дастурхонини қиш учун ёпиб қуйилган банка ёки консерва маҳсулотлари билан безашни  кўпчилик хўш кўради. Аммо барчамиз севиб истеъмол қиладиган ана шу маҳсулотларни харид қилишдан олдин, уларнинг сифатини кафолатловчи ёрлиғига, яроқлилик муддатига эътибор қаратинг. Кўча-куй ва бозорларда сотилаётган уй шароитида тайёрланган сифатини кафолатловчи сертификати бўлмаган озиқ- овқат маҳсулотларини ҳарид қилмаслигингиз зарур. Шунда шукухли шодиёнани ҳеч қандай кўнгилсизликларсиз, кўтаринки кайфиятда ўтказган ва соғлигимизни сақлаб қолган бўламиз.

 

Н.Тохирова

Пахтачи туман СЭО ва ЖС бўлими

олий тоифали овқатланиш гигиенаси врачи 

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM