Пахтачи тумани ҳокими М.Хамдамовнинг “Саломатлик туман бойлик!” кўрсатувидаги МАЪРУЗАСИ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!

Бугун сизлар билан саломатлик, соғлом турмуш тарзи ҳақида сўзлашар эканмиз, аввало, таъкидлаш керакки, бу - глобал мавзу. Юртимизда ушбу масалага давлат даражасида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30-октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сонли фармони жорий этилди. Ушбу фармонга асосан 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таьминлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар” тўғрисидаги ПҚ-4887-сонли қарори ишлаб чиқилди.

Қарорнинг бош мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш ва уни кенг тарғиб этишга қаратилган.

Бугун дунё бўйича аҳоли сони 7 млрд.дан ошди. Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 34 млн.га етди. Айни вақтга келиб, туманимиз аҳолиси 150 мингдан ошди ва йилига ўртача 2.2 минг кишига кўпаймоқда.

Эътибор беринг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра: даволаш инсон саломатлигини таьминлашнинг 10 фоиз омили холос!

ирсий омиллар - 15 фоиз

атроф муҳит – 20 фоиз

энг асосийси турмуш тарзи - 55 фоизни ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан олиб қараганда саломатликнинг муҳим омилларидан бири соғлом турмуш тарзига амал қилишдир.

Соғлом турмуш тарзи – бу шундай яшаш тарзики, унда одамлар кун тартибига риоя қилиши, спорт билан шуғулланиши, фаол жисмоний ҳаракат асосида организимни чиниқтириш, тўлиқ ва сифатли овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши, зарарли одатлардан ўзини тута билиш ҳолатларининг мавжудлиги билан тавсифланади.

Соғлом овқатланиш – соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва юқумли бўлмаган касалликларни келиб чиқишини олдини олишда энг муҳум омил ҳисобланади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, ҳар бир маҳсулотнинг инсон организми учун белгиланган зарурий миқдори бор. Масалан: гўштнинг бир кунлик меъёри 100-150 гр, мевалар истеъмол қилиш меъёри 400 гр, таркибида ёғ миқдори кам бўлган сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш меъёри 200 мл, таомларнинг пиширишда сабзавот ва кўкатлар 200 гр, ловия, нўхат ва мош 50 гр солиб тайёрлаш, 1 кунда истеъмол қилинадиган туз миқдори 1 чой қошиқ, яъни 5 грдан ошмаслиги, фақат ёдланган ош тузини истеъмол қилиш тавсия этилган. Бундан ташқари яна шуни айтиб ўтиш керакки, соғлом овқатланиш учун 1 кунлик овқатланиш тартиби 5 махал бўлишига қарамасдан бизнинг халқимизда эса 1 кунда 3 махал овқатланиш одатий тусга айланган. Овқатланишнинг асосий қисми меъёрда тушлик вақтида истеъмол қилинишига қарамасдан, бизда аксинча, кўпроқ кечқурунги овқатланиш вақтига таомларимиз пиширилиб тайёрланади ва истеъмол қилинади. Бундай нотўғри овқатланиш натижасида инсонларда ортиқча вазн, юрак қон томир касалликлари келиб чиқмоқда. Шу сабабли биз раҳбар ходимлар соғлом турмуш тарзини бир қирраси бўлган соғлом овқатланишни аввалом бор оиламиздан, ишлаб турган ташкилот ходимлари ўртасида ва аҳоли ўртасида кенг татбиқ этишимиз зарур.

Туманимизда соғлом овқатланишга қаратилган тадбирлар мактаб ва маҳаллаларда кенг тарғиб этиб келинмоқда. Масалан: яқинда Деҳқонобод қишлоқ оилавий поликлиникаси, Ҳайит Элбеги қишлоқ оилавий биноларида аҳолига “Соғлом овқатланишнинг олтин қоидалари”, “Соғлом овқатланиш ярмаркаси” мавзуларида кўргазмали тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

2020-2025 йилларда соғлом овқатланиш дастури индикаторлари белгиланди. 2025 йилга келиб аҳолининг умр кўриш давомийлигини 75 ёшдан 76 ёшгача ошириш ҳамда семизлиги бўлган аҳоли улушининг ўсишини 23 ярим фоиз даражасида тўхтатиш режалаштирилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маьлумотига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеьмол қилиш, шунингдек етарли даражада витамин ва минераллар истеьмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Соғлом турмуш тарзининг яна бир асосий тамойилларидан бири бу зарарли одатлар, яъни тамаки ва алкогол маҳсулотларининг инсон организмига зарарли эканлигидир. Тамаки истеъмол қилиш ўта зарарли одат эканлигини, у турли касалликларга олиб келиши мумкинлиги ҳаммамиз яхши биламиз. Биламиз-у, лекин чекаверамиз. Айримлар эса “Ёмон одат- меники, бошқаларга нима таъсири бор” деб ўйлайдилар.

Нега зарар эканлигини билиб туриб шу одатлардан воз кечмаймиз? Шу боисдан сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамияти, хусусан юртимизда ҳам соғлом турмуш тарзининг тарғиботига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманимизда ҳар чоршанба куни “Биз тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз” шиори остида туман тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган. Масалан: 2020 йил ноябрь ойида 16 та мактабда, 24 та маҳаллада чекишнинг зарари тўғрисида маъруза ва суҳбатлар ўтказилди.

Соғлом турмуш тарзининг тамойилларидан яна бири бу жисмоний фаолликдир. Жисмоний фаоллик ҳақида гап кетар экан, соғлом турмуш тарзига риоя қилишда спорт ва жисмоний тарбиянинг роли катта эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

Инсонга хос эринчоқлик сабаб – айрим фуқароларимиз ўзлари учун фойдали бўлган жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш ўрнига, қимматли вақтларини телевизор, компьютер қаршисида ҳар хил кўрсатувлар кўриб, турли хил ичкиликлар ичиб “дам олишга” сарфлашни афзал кўрадилар. Натижада улар бундай камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқадиган турли касалликлар туфайли ҳаётдан эрта кўз юмишига мажбур бўладилар.

Соғлом турмуш тарзи ҳақида сўз борар экан, бу жараёнда аввало ўзимиз шахсий намуна бўлишимиз лозим. Туманимизда қарийб икки ойдан буён хафтанинг шанба кунлари “Саломатлик куни” лойиҳаси доирасида турли оммавий спорт тадбирлари, “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш ва югириш машқлари, туманимиздаги барча ташкилотларда эрталабки гимнастика машқлари, спорт ўйинлари йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига бағишлаб туман бўйлаб турли мусобақалар ташкил этилмоқда. Хотин-қизлар ўртасида валейбол ва стол тенниси, мактаб ўқувчилари ўртасида веламарофон ва кросюгуриш мусобақалари ўтказиш режалаштирилган.

Муҳтарам юртбошимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий санитария муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш хамда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сонли Фармонида қўйилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида 2020 йил 1 декабрдан хонадонларни хатловдан ўтказиш, хонадонларда антропометрияни амалга ошириш учун туман тиббиёт ходимларидан иборат 70 та тиббий бригадалар ташкил этилди, тиббий профилактик кўрикларни амалга ошириш ишлари йўлга қўйилди. Бунинг асосида хонадоннинг электрон “тиббий картаси”, маҳалла ва туманнинг “саломатлик профили” шакллантирилади.

Хулоса қилиб айтганда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ўз қўлимизда. Бунинг учун туманимизда барча зарур шароитларимиз етарли. Тиббиёт, спорт ходимлари ва мутахассислар томонидан тавсия этилаётган меъёрларга амал қилишимиз, барча тумандошларимизни шунга ундашимиз, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак. Шундагина туманимиз аҳолиси соғлом бўлади.

Барчани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман!

Эътиборингиз учун катта раҳмат.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM