ФИРИБГАРЛИККА ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Суд-тергов амалиётида масалалар келиб чиққанлиги, шунингдек қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ мулк унинг барча шаклларида дахлсиздир ва унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.

Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.

Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.

Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин.

Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳ.к. киради.

Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.

Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.

Ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, айбдорда ўзганинг мулкига эгалик қилиш ёки тасарруф этиш учун юридик жиҳатдан тасдиқланган имконият пайдо бўлган пайтдан (масалан, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ёки қонунга мувофиқ рўйхатга олиниши шарт бўлган бошқа мулкка нисбатан ҳуқуқ рўйхатга олинган пайтдан; шартнома тузилган вақтдан; мулкка нисбатан шахснинг ҳуқуқи тан олинган суд қарори кучга кирган кундан; ваколатли давлат органи айбдорда ёки бошқа шахсларда мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун асослар мавжудлиги тўғрисида қарор қабул қилган кундан) тугалланган ҳисобланади.

Агар ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд айбдорда мулк қабул қилингандан кейин юзага келган бўлса, шахснинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этмайди ва муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш (масалан, шахснинг ўзига хўжалик юритиш, оператив бошқариш, ишончли бошқариш, етказиб бериш, сақлаш, реализация қилиш ва ҳ.к. мақсадида қонуний берилган мулкни қонунга хилоф тарзда ва ҳақини тўламай ўзининг ёки бошқа шахснинг мулкдорлигига қаратиши) сифатида баҳоланиши лозим.

Суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномаларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик ҳам, бундай ҳолда ўзгалар мулкини эгаллашда ҳуқуққа хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас, чунки мулк битим, шартнома бўйича бир тарафдан иккинчи тарафга, жумладан тарафлар учун ўзаро моддий манфаатни назарда тутувчи муайян шартлар билан берилади. Агар битим, шартнома шартлари бажарилмаса, қонунга кўра (ФК 2924-боблари, ФПК II бўлимининг 2-кичик бўлими, ХПК 15-боби) бузилган ҳуқуқ фақат фуқаролик ишлари бўйича суд ёки иқтисодий суд томонидан тикланиши мумкин бўлиб, уларда мажбуриятлар ижросини таъминлаш учун етарли ҳуқуқий воситалар мавжуд.

 Агар алдов шахс томонидан ўзганинг мулкини қўлга киритишни енгиллатиш мақсадида ишлатилган бўлиб, мулкни олиб қўйиш жараёнида мулкдор, мулк эгаси ёки бошқа шахс унинг асл ниятини сезиб қолган, айбдор буни англасада, бироқ мулкдор ёки мулк эгасининг эркига зид равишда мулкни ушлаб туришни давом эттирган бўлса, қилмиш талончилик, мулкдор ёки мулк эгасига билдирмасдан мулк билан яширинган ҳолларда эса, фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Агар корхона, муассаса, ташкилотларнинг фирибгарлик йўли билан талон-торож қилинган мулки суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг МЖтК 61-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган миқдоридан ошмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд бўлади. Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда ҳам, агар талон-торож суммаси кўрсатилган миқдордан ошмаса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бунда оз миқдорда талон-торож неча марта содир этилганлиги аҳамият касб этмайди.

Агар шахс компьютер техникаси ёрдамида қалбаки ҳужжат тайёрлаб, сўнгра ундан мулкни қўлга киритиш учун фойдаланган бўлса, қилмишни ЖК 168-моддаси иккинчи қисми «в» банди билан квалификация қилиб бўлмайди.

Фирибгарликнинг ўғриликдан (ЖК 169-моддаси) фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки у томонидан янглиштирилган жабрланувчининг ўзи мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришига эришади.

Товламачиликдан (ЖК 165-моддаси) фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачиликда жабрланувчи қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади, эрки синдирилган бўлади, фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглиштирилган.

ЖК 168-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, жиноят оқибатида етказилган зарарни қопланиши озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўллашни истисно этади, шу сабабли, зарар тўлиқ қопланмаган ҳолларда судлар айбдорга нисбатан озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўллашнинг мақсадга мувофиқ-мувофиқ эмаслиги масаласини муҳокама қилишлари шарт.

Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 июлдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 8-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилган.

 

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят

судининг судьяси                                                                    Ж.Ботиров

 

Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман

судининг раиси                                                                     А.Акрамов

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM