Пахтачи тумани ҳокими М.Хамдамовнинг 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан соҳа ходимларига байрам ТАБРИГИ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Қадрли устозлар, меҳридарё ўқитувчи ва мураббийлар!

Ҳар биримиз қўлимизга қалам бериб, ҳарф танитган биринчи ўқитувчимизни умрбод унутмаймиз. Фидойилик билан меҳнат қилиб, билим берган муаллимларимиздан фахр­лансак, ҳаққимиз кетмайди. Сиз, ўқитувчилар, ана шундай мураккаб ва шарафли касбни танлаганингиз, улуғ устозларингизга издош ўлароқ уларнинг табаррук ишларини давом эттираётганингиз қалбимизни қувон­тиради.
Ҳазрат Навоий “Инсон зебу зийнати билим ва одоб­дир. Уларни шогирдларига сингдирган устозларгина чинаккам устоздир!”, деган эди. Сизлар шундай ҳик­матли сўзларга амал қилиб, ёшларга таълим бериш баробарида уларга баланд инсонийлик фазилатларини сингдираётганингиз ҳам жасоратдир.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз учун дол­зарб­лиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқот­майдиган масала бу – фарзандла­римизни мустақил фикрли, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустаҳкам ҳаётий пози­цияга эга, чинакам ватанпарвар инсон­лар этиб тарбиялаш вазифасидир”, деган таъ­рифи, албатта, Сизларнинг нақадар юксак шараф­га лойиқлигингизни англатади.
Шуни таъкидлаш керакки, юртимизда эртамиз эгаларини тарбиялаш ва камолотга етказиш, устоз-мураббийлар меҳнатини қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий муассасалар ва кенг шароитлар бугун бар­чамизни, айниқса устозларимизни янада янги марраларга, кучли ва билимдон шогирдлар тайёрлашга даъват этмоқда.
Бугун туманимизда 41 та давлат мактаб­гача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, айни вақтда уларнинг 4 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Халқ таълими тизимидаги 47 та мактабимизда 2 239 нафар педагоглар 25 533  ўқув­чига дарс беришмоқда. Уларнинг 5 нафари давлатимизнинг юксак мукофот­ларига сазовор бўлган бўлса, 8 нафари “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби, 56 нафари олий, 239 нафари биринчи, 802 нафари иккинчи тоифали бўлган ўқитув­чилардир. 2019-2020 ўқув йилида туман умумий ўрта таълим мак­табларини 1939 нафар ўқувчи битириб, етуклик аттестатларини қўлига олишди. Битирувчиларнинг 38 нафарига олтин, 3 на­фарига кумуш медаллари насиб этди.

Биздаги маълумотларга кўра, жорий йилда мактабни тамомлаган ёшларимиз­нинг олий таълим муассаса-ларига ўқишга кириш кўрсаткичи 291 нафарни ташкил этиб турибди. Биз умид қиламизки, уларнинг сони ҳали ортади. Яна қувонарли томони шундаки, 4 нафар ўқувчимиз нуфузли хорижий, 2 нафари ҳарбий билим юртлари талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди. Бу эса вилоятимизда туманимиз битирувчиларининг олий таълимга киришда пешқадамлар сафида бораётганини кўрсатмоқда.
Фидойи устозларимиз ва уларнинг ўқувчилари республика танловларида ҳам фахрли ўринларни эгаллашмоқда. Бу борада тумандаги 24-мактаб­-нинг ютуқлари салмоқли бўлмоқда. Хусусан, ки­тоб­хонликни тарғиб этувчи кўрик-танловнинг респуб­лика босқичида “Ёш китобхон” жамоамиз фахрли тўртинчи ўринни, 33-мактаб битирувчиси Асадбек Бобоқулов “Ёшлар илм-фан учун” республика танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаши кишида чексиз ифтихор туйғуларини уйғотади.
Жорий йилда таълим муассасалари шарт-шароитларини яхшилаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 та мактаб (39-, 36-, 12-) капитал таъмирланди. 20 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ва ниҳоят шу йил Пахтачи туман халқ таълими бўлими ўз биносига эга бўлди.
Туманимизнинг таълим соҳасидаги ютуқларини санайверсак адо бўлмайди. Юртбошимиз томо­нидан азиз устозларимиз меҳнатлари муносиб баҳоланиб, бир гуруҳ ўқитувчи-му­­раб­бийларни турли давлат мукофотлари билан тақдирлангани ифтихор ила шижоатга ундайди.

Муҳтарам устозлар!
Сиз азизларни ва сизлар орқали тумани­мизнинг барча таълим жонкуярларини 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор муборакбод этаман. Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фаолиятин­гизда улкан ютуқлар тилайман. Шарафли кас­бингиз ортидан ҳамиша эл-юрт ардоғида бўлинг!
Байрамингиз муборак бўлсин!

 

Пахтачи тумани ҳокими

М.Хамдамов

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM