Пахтачи тумани ёшларига туман ҳокимининг байрам табриги

Қадрли ёшлар!

Барчангизни 30 июнь – “Ёшлар куни” билан самимий табриклаган ҳолда, Сизларга меҳрим ва самимий тилакларимни билдиришдан мамнунман.
Ўзбекистонимизни, қолаверса Пахтачи туманимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда билимли ва яратувчан ёшларимизнинг ўрни ва таъсири кун сайин ортиб бораётганлиги барчамизни янада мамнун этмоқда.
Пахтачи туманида 70 га яқин корхона ва ташкилотлар мавжуд бўлиб, сиздек олийжаноб ва фидойи ёшлар ушбу ташкилотларда фаолият олиб бораётганида бениҳоят хурсандман.
Буларнинг барчаси эртанги кун эгалари, келажагимиз пойдевори, умиди ҳамда ишончи бўлган ёшлар учун эканлиги, шубҳасиздир.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро ёшлар тақдирига бирдек масъулдир.
Бунга жавобан ёшларимиз замонавий интеллектуал билимларга эга бўлиб, замон билан ҳамнафас, жаҳон билан бўйлашадиган иқтидор эгалари бўлиб вояга етмоқдалар. Бу кўксимизни фахр ва ғурурга тўлдиради.
2020 йил давомида ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар”, “Раҳбар ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар”, “Ректор ва ёшлар” учрашувлари ҳамда “Ёшлар муаммолари ечими куни” номли учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ҳар бир раҳбар фаолиятида “Ёшлар билан ёнма-ён” тамойилида ишлаши ва бунда ҳар бир раҳбар ўз тизимида ишловчи ёшлар билан тез-тез учрашиши ва уларнинг масалаларини ечишлари лозим.
Ёшларни китобхонликка кенг жалб қилишга қаратилган 3 маротаба онлайн танловлар ўтказилди. Ушбу танловларга 149 нафар ёшлар иштирок этгани туманимизда китобхонликнинг ривож топаётганидан далолат беради.
Ёшларга оид давлат дастурига мувофиқ ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. "Ҳар бир ёшга бир гектар" лойиҳаси асосида камбағал оилалар рўйхатига киритилган хонадонлардаги ёшларга ғалладан бўшаган ер майдонлари ажратилмоқда. Бу эса ёшларнинг оиласига ва юрт равнақига ҳисса қўшишидан далолат беради.