Материалларни кўриб чиқиш ва очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисида

Халқ депутатлари Пахтачи туман Кенгаши қарори
2020 йил 22 июнь №42/11

 

Туманнинг Зиёвуддин шаҳарчаси М.Улуғбек ва А.Темур кўчалари кесишмасида “Жамшиджон универсал савдо” хусусий корхонаси томонидан замонавий дўкон ҳамда маиший хизмат биноларига эга бўлган кўп қаватли турар-жой мажмуаси қурилиши бўйича таклиф этилган инвестиция лойиҳаси ҳудуддаги фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек, ҳудуд аҳолисининг аксарият қисмининг фикрини ҳисобга олган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга объектларни қуришга йўналтирилганлигини инобатга олиб, тўпланган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” Низом талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 24-моддасига асосан

 

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И :

 

1. Туманнинг Зиёвуддин шаҳарчаси М.Улуғбек ва А.Темур кўчалари кесишмасида олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан “Жамшиджон универсал савдо” хусусий корхонаси вакиллари ўртасида очиқ муҳокама мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб йигирма кун мобайнида ўтказилсин.

2. “Жамшиджон универсал савдо” хусусий корхонаси (Ж.Абдуназаров) мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб икки кун мобайнида, бироқ очиқ муҳокама ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин:

Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи кўрсатилган хабарнома ёзма равишда юборилишини;

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Хусанов) билан биргаликда мулкдорларни очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи ҳақида туман  ҳокимлигининг расмий сайтида, оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида ҳар куни эълон бериш орқали хабардор қилинишини;

Очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки таъминланишини;

Очиқ муҳокама давомида мулкдорларни ушбу ер участкасида лойиҳани амалга ошириш шартлари, мақсад ва истиқболлари билан таништирилишини;

Очиқ муҳокама якуни бўйича баённома расмийлаштирилишини ва у ташаббускор ҳамда барча мулкдорлар томонидан имзоланишини, имзолашдан бош тортилган тақдирда бунинг сабаблари кўрсатилган ҳолда далолатнома расмийлаштирилишини;

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Хусанов) билан биргаликда расмийлаштирилган баённомани туман ҳокимлигининг расмий сайтида расмийлаштирилган кундан кейинги иш куни эълон қилинишини таъминласин.

4.      Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман хокимининг ўринбосари Ш.Мусирманов зиммасига юклатилсин.

 

Кенгаш раиси                                                                   М.Хамдамов

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM