Бобомни ўлимдан қутқарган “дядя Ваня”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

#Ғалабанинг75йиллигига

Инсоният тарихида энг даҳшатли уруш бўлган Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбек йигитлари орасида бобом Нарзи Камолов ҳам Ватан озодлиги учун жангларда иштирок этган.

Бобом 1922 йилнинг 20 майида Хатирчи туманидаги собиқ Куйбешев номли колхозда хизматчи оиласида дунёга келган. 20 ёшида, яъни 1942 йилда бошқа юртдошларимиз қатори урушга сафарбар этилади. Бобом Украина франтида жангларда қатнашган. 1943 йилнинг ёзидаги жангларнинг бирида унинг ўнг қўли номсиз бармоғига душман ўқи келиб тегади. Шу сабабли госпиталда врачлар унинг шу бармоғини кесиб ташлашади. Бир ой даволанганидан сўнг у армияга яроқсиз деб топилиб, уйига қайтарилади.

Фронт ортидаги машаққатли меҳнатга ўзини урган бобом бу ерда ҳам фидойилик намуналарини кўрсатади. Урушдан сўнг бобом даволанган госпиталга касаллик варақасини сўраб мурожаат қилган ва шу варақанинг кўчирмасига биноан унга биринчи гуруҳ ногиронлиги берилган эди. Лекин бобом мен ногиронман, деб четда турмади. То нафақага чиққинига қадар халқ хизматида бўлди. Унинг фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, бир неча орден ва медаллар ҳамда кўкрак нишонлари билан тақдирлаган эди.

Биз бобомдан уруш ҳақида сўраганимизда у уруш тўғрисида гапирмас. Лекин бир воқеани қайта-қайта айтиб берар эди. Унинг ҳикоясига кўра, урушга борганида ёши ўтиб қолган ҳамма “дядя Ваня” деб атайдиган киши бобомни доимо ҳимоя қилиб юрган экан. У киши бобомга “Сен ҳали ёшсан, урушдан сўнг уйланишинг, фарзандлар кўришинг керак”, деб таъкилар экан. “Фронтда ҳар бир жангчига кунига бир дона попирос ва қанд берилар эди. Мен чекмаслигим сабабли попиросимни дядя Ваняга берардим. У эса қандини менга берарди” хотирларди бобом. Қашқаткич жангларнинг бирида снаряд портлаганида дядя Ваня ўзини бобомнинг устига ташлаб, уни ўлимдан асраб қолган ва қаҳрамонларча ҳалок бўлган экан.

Бобом 2012 йилда 90 ёшида вафот этди. То ўлимга қадар бобом “дядя Ваня” номини минатдорчилик билан эслар, юқоридаги воқеани кўзида ёш билан айтиб берар эди. Бобом ва уни ўлимдан сақлаб қолган “дядя Ваня” ҳамда халқимиз озодлиги учун курашган мард ўғлонларнинг хотираси биз набиралари ва келгуси авлоди қалбида мангу яшайди.

 

Фарҳод ПИРНАЗАРОВ,

Зиёвуддин шаҳарчаси.

 

 

 

 

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM