Нафақа тайинлашда энди муаммо бўлмайди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бугун дунё мамлакатлари коронавирус пандемиясига қарши жиддий кураш олиб боряпти. Вируснинг тезлик билан тарқалиши жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига, ўз-ўзидан давлатлар иқтисодиёти ва молия тизимига салбий таъсир кўрсата бошлади. Доимий даромадга эга бўлмаган, кам таъминланган оилалар қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ана шундай мураккаб шароитда юртимизда ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари нархи ошишига йўл қўймаслик бўйича муҳим чоралар кўриляпти.

Давлатимиз раҳбарининг эълон қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ёрдамга муҳтож кўплаб оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Хусусан, Фармонга асосан Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартибига оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритиши керак.

Жумладан, ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатларни камайтириш, давлатнинг ижтимоий ёрдам чоралари ҳисобланувчи алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан чиқариб ташлаш белгиланди.

Тўғрисини айтиш керак, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар нафақа олиш учун ҳафталаб, ойлаб чопишига тўғри келади. Бу борадаги меъёрий ҳужжатларда жуда кўп мураккабликлар, айрим чалкашликлар бор.

Масалан, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризага оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади. Ушбу ҳужжатлар асосида оиланинг аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори аниқлаб чиқилади.

Бу жараёнда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини текшириш бўйича иш олиб борилади. Шундан кейингина тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида хулоса тақдим этилади. Хуллас, нафақа олиш учун мурожаат қилган фуқаро унинг югур-югуридан тортиб, текшир-текширигача бўлган жараёндан ўтишга жуда қийналади.

Ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эҳтиёжманд ҳар бир фуқаро ҳақлидир. Бу, айниқса, ҳозирги мураккаб шароитда долзарб масала. Вақтинча ишламаётган, моддий қийинчиликларни бошидан кечираётган кўплаб оилалар учун ижтимоий нафақа бугун сув ва ҳаводек зарур. Шу жиҳатдан олиб қаралса, давлатимиз раҳбари фармони орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақаларни тайинлаш тартибининг соддалаштирилиши ғамхўрликнинг яна бир исботидир.

Синовли кунларда давлат ва жамият бир-бирини қўллаб-қувватласа, карантин билан боғлиқ чекловлар оғир оқибатларни келтириб чиқармайди. Сиз билан тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилсак, вирус хавфини қанча тез енгиб ўтсак, ижтимоий муаммолар кўпаймасдан мураккаб кунлардан ўтиб оламиз.

Шербек Буранов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM