ХОНАДОНИНГИЗДАН ФАЙЗУ БАРАКА АРИМАСИН

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туман ҳокими М. Ҳамдамовнинг Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман хотин-қизларига табриги

Қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларимиз!
Барчамиз орзиқиб кутадиган, табиат чирой очиб бораётган мана шу илк баҳор кунларида, айни шу шукуҳли айёмда бутун туман хотин-қизларини 8 март байрами билан самимий муборакбод этаман.
Биз ҳаётимизда турли-туман саналарни байрам сифатида кенг нишонлаймиз. Шулар қаторида кўнгилларимизга гўзаллик ва хурсандчилик, файзу тароват олиб келадиган 8 март байрами алоҳида ўрин тутади.
Мана шу байрам кунларида турли тадбирларда, маҳнат жамоаларида, ҳар бир хонадонда қадрли опа-сингилларимизни эъзозлаш, уларни улуғлаш учун энг гўзал ва олижаноб таърифларни келтиришга интиламиз.
Шу маънода, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Биз она тимсолида Ватанимизни, унинг гўзал ва бетакрор қиёфасини кўрамиз. “Она Ватан” деган ибора бежиз айтилмаган, бунда чуқур маъно бор», деган сўзларини эслаб ўтиш жоиздир. Зеро, аёлларимиз хонадонларимизда, маҳаллаларимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони бўлиб келган ва бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келмоқда.
Aйни пайтда юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, ижтимоий фаоллиги тобора юксалиб бораётганини давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинларида, нодавлат ташкилотлар, ижтимоий тузилмалар фаолиятида, умуман, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида яққол кузатиш мумкин.
Бугунги кунда хотин-қизлар ўзининг билим ва тажрибаси, касбий малакаси ва маҳорати ҳисобидан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келмоқда. Ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, илму фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. 
Соғлом онадан соғлом бола туғилади, фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизда хотин-кизларнинг соламатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқни ўйлаб, пухта ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил жорий этилаётган умуммиллий дастурлар бугунги кунда ўзининг улкан самарасини бераётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар замирида ҳам аёл меҳнатини енгиллаштириш, ҳаётини янада фаровонлаштириш масаласи биринчи галдаги вазифа қилиб белгиланган. Аёллар бандлигини таъминлаш, уларга ижтимоий кўмак бериш ҳам ана шу вазифанинг бир жабҳаси ҳисобланади.
Шу билан бирга барчамизнинг суянчимиз ва таянчимиз бўлган фарзандларимизни, аввало, қизларимизни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, чет давлатлардаги тенгдошлари билан турли жабҳаларда беллашувга қодир бўлган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш йўлида Сиз, жонкуяр опа-сингилларимизнинг фидокорона хизматларингизга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди.
Қадрли опа-сингиллар!
Сизларни ўзингиз каби чиройли ва дилбар байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

2015-2023 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM