Истиқлол маҳалласи вилоятда энг яхши китобхон маҳаллардан бири дея эътироф этилди  

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Энг яхши китобхон маҳалла” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар “Ўзбек мумтоз адабиёти билимдони”, “Шеърият”, “Муаммоли вазият” ҳамда “Маҳалла ҳаётига менинг ҳиссам” каби шартлар бўйича яна бир бор ўз билимларини синовдан ўтказишди.

Танлов якунига кўра, Тайлоқ туманидаги Адас маҳалла фуқаролар йиғини вилоятда энг яхши китобхон маҳалла, дея эътироф этилди ва вилоят ҳокими соврини - 100 миллион сўм ушбу маҳаллага насиб этадиган бўлди.  

- Китоб қалбларни ёритгувчи чироқ, ҳаётни ўргатувчи мураббий, - дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши бош мутахассиси Фароғат Шокирова. - Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган китобхонлар танлови эса аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга, уларнинг мутолаага бўлган меҳрини оширишга, китобхонликни кенг тарғиб қилишга, маҳалла фуқароларини бирлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Танловда иккинчи ўринни Иштихон туманининг Намуна маҳалласи фуқароларидан иборат жамоа эгаллади. Учинчи ўринни эса Пахтачи туманидаги Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси қўлга киритди. 

Тўлқин СИДДИҚОВ.

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM