Самарқанд вилоят Пахтачи туман ҳокими М.Я.Хамдамовнинг  туман тадбиркорларига МУРОЖААТИ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Азиз тумандошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

«Миллий тикланишдан миллий юксалиш» сари одимлаётган мамлакатимизда халқимизнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали юртимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш мақсадлари, юксак фуқароларимизнинг ишбилармонлик ва фаол тадбиркорлик қилишлари учун барча ҳуқуқий асос ва шароитлар яратилди.

Тадбиркорлик – инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб бормоқда.

Бугун жамоатчилик ва халқимиз тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган ишлаб чиқаришдан тортиб, бунёдкорликкача, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдан тортиб боғ-роғлар бунёд этишгача, турли хизматлардан то, туризмни ривожлантиришгача бўлган ҳамма жараёнларни кузатиб турибди.

“Фаол тадбиркор” деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар қатлами тушунилади.

Туманимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон тадбиркорларимиз барча соҳаларда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 2019 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикр илгари сурилди ва бу фикрни барчамиз бирдек англаб олишимиз керак.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

 

Қадрли тадбиркорлар!

 

Муҳтарам Президентимиз тадбиркорларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали фаолият юритиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиб қўйган. Аввало, жойларда Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилгани, ушбу имконият натижасида Сиз, тадбиркорларнинг ҳар бир муаммонгиз ижобий ечим топаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, туманимиздаги Бош вазир қабулхонасига жорий йилнинг 10 ойи давомида 82 нафар тадбиркорлик субъекти мурожаат қилган бўлиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

“Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор. Бу - ер ажратиш ва кредит беришдир.

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади”.

Азиз ишбилармонлар!

Бугунги кунда туманимизда 552 та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг сони жорий йилда 250 тага кўпайиши ҳамда йил охирига қадар 700 тага етиши кутилмоқда. Оилавий тадбиркорлик кенг тус олмоқда. Жорий йилнинг бошида туманимизда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 4 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 8 тага етказилди.

Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича бугунги кунга қадар умумий қиймати 14,0 млн АҚШ долларига тенг бўлган 4 та инвестицион лойиҳалар шакллантирилган бўлиб, жорий йилнинг якунига қадар 10,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши ҳамда 120 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

 2019 йилда ташкил топган қўшма корхоналар Хитой Халқ Республикасининг “Фюнгер Пампинг экьюпмент” МЧЖ томонидан “Каулин ва гипс маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қадоқлаш” лойиҳасининг умумий қиймати 2,0 млн АҚШ долларини ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни босқичма-босқич ўзлаштирилиши режалаштирилган. Ушбу корхона томонидан жорий йилнинг сентябр ойига қадар жами 1,0 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди. 

Айни кунларда Эрон Ислом Республикасининг инвесторлари билан олиб борилаётган музокоралар натижасида туманда “Ziyovuddin – Ario Poli” МЧЖ қушма қорхонаси ташкил этилиб, лойиҳанинг умумий қиймати 5,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳа . “Тош ва бошқа хом ашёлардан қоғоз” ишлаб чиқаришни режалаштирган, ва 50 та янги иш ўрин яратилади.

Яна, Эрон Ислом Республикасининг “Ehsan Rey” компаниясининг инвестицион лойиҳаси учун туманимиз ҳудудидан жами 5000,0 гектар ер майдонида чорвачилик ва дуккакли ўсимликларни етиштириш ва уларни экспорт қилишни йўлга қўйиш ҳамда 2020-2021 йилларда 300 та янги иш ўринларини яратилиши юзасидан вилоят ҳокимлиги мутассадди ва туман ҳокимлиги мутассадди ходимлари билан келишувга эришилди.

Бундан ташқари, 5,0 млн. АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш, 50 дона қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган техникалар сотиб олиш ловия, нўхат ва бошқа дуккакли экинларни дастлаб 1000 гектар ерга экиш режалаштирилган.

Шунингдек, жами 5000 гектар ер майдонига зафарон ва дуккакли экинлар экиб, чет давлатларга экспорт қилиш ва дон маҳсулотини қайта ишлайдиган эливатор қуриш мўлжалланмоқда.

Ушбу лойиҳа негизида чорвачилик комплекси ташкил этиш 10 000 бош қора мол чет давлатлардан келтирилиб боқиш ва гўшт маҳсулотларни экспорт қилиш белгилаб олинди.

Қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантиришда, кластер тизими туманимиз иқтисодиётига изчил кириб келмоқда. Жумладан, туманимизда “ZIYOVUDDIN TEXTILE” МЧЖ кластери ташкил этилиб 2500 гектар ер майдони ажратиб берилди. Натижада 2021-2022 йилларда ушбу кластерларда нафақат ғўзани етиштириш, балки пахтани йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш, ип калава, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 

Муҳтарам юртбошимизнинг 2019 йилнинг 11 январ куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилда амалга оширилиши белгиланган саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш лойиҳаларининг туманимизда жами қиймати 253,0 млрд.сўмлик 40 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 786 та янги иш ўринлари яратилди.

Туманнинг “Нодим Зиёвуддин” муқобил МТП массивида “Бурқут иссиқхона комплекси”ни ташкил этилиши белгиланган бўлиб, иссиқхона комплекси ташкил этиш учун жами 300,0 гектар ер майдони ажратилди ва 17 та лойиҳа ташаббускорларига жами 122,0 гектар ер майдони иссиқхона қуриш учун ерлар ажратилди.

Туманимиз ер ости қазилма бойликларига бой бўлган ҳудуд ҳисобланиб, Қарнаб ота, Қизбуви ва Қиргули тоғ массивларида қурилишда ишлатиладиган хом-ашёлар, гипс, оҳақтош, гранит, доломит, цемент тоши, каолин, мармар, кварц қуми ва гилмоя маҳсулотлари мавжуд бўлиб захира миқдорларини аниқлаш бўйича Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ўрганишлар ўтказилмоқда.

Туманимиз ҳудудидан М-37 автомагистрали ўтганлиги, темир йўл ва унинг станцияси мавжудлиги яна энг муҳими Навоий Халқаро аэропорти туманимиздан олис бўлмаган масофадалиги туманимиз тадбиркорлар учун нақадар қўлай минтақа эканлигининг яққол исботи десам адашмаган бўламан.

Жорий йилда туманимиздаги тижорат банклари томонидан тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 1330 нафар жисмоний ва юридик шахсларга жами 30,0 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди, айниқса кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида:

Ҳар бир оила-тадбиркор дастури бўйича 973 та жисмоний ва юридик шахсларга 21,0 млрд.сўм; 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича жами 27 фуқарога 200,0 млн.сўм; 

Ҳунармандчиликни ривожлантиришга 55 та фуқарога 1,5 млрд.сўм;

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 227 та фуқарога 5,0 млрд.сўм;

Хотин-қизларни ва оилани қуллаб қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 31 та фуқарога 600,0 млн.сўм;

Ёшлар келажагимиз дастури асосида 17 та фуқарога 2,0 млрд.сўм. 

 имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

 

Ҳурматли тадбиркорлар!

 

Бундан буён биз, тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Бунда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

“Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.

Туманимиз салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, 2020 йил ва ундан кейинги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш, асаларичилик, қуёнчилик, паррандачиликни ривожлантириш, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан янги технологияли иссиқхоналар, интенсив боғлар, токзорлар барпо этиш, қурилиш соҳасида инновацион ёндашув, энергия тежовчи лойиҳалар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасида янги хизмат турларини жорий этишда “Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратмиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиз бўлади.

Тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қаралади.

Ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлиги таъминланади.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз- туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.” 

Тадбиркорлик фаолиятига боғлиқ бўлган тумандаги барча ваколатли давлат органларининг барча ходимлари билиб олсин - бюрократия, тадбиркорларимизга тўсиқ бўлиб уларнинг қимматли вақтини олиб сансоларликка йўл қўйганларга кескин чоралар кўрилади.

Шундай экан ҳурматли тадбиркорлар шундай имкониятлар мавжуд бўлган бир вақтда келинг биз билан елкадош бўлиб туманимиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёт фаровонлиги йўлида ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўраб қоламиз. Бу борада Сизга омад ёр бўлсин!

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM