Тўй – урф-одатми ёки ўзини кўз-кўз қилишми?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, исроф... Тўйларимиздаги ортиқча “одатлар” қаердан олиняпти экан? Шаҳарда ҳам, қишлоқларда ҳам шу аҳвол. Гўёки айрим “тўйчи”лар учун тўй эмас, ундаги шоҳона расм-русумлару ўзини кўз-кўз этиш муҳимроқдек.

Бугунги кунда тўй-маросимларимизнинг маънавий қиёфаси, афсуски, ачинарли ҳолда. Айрим тўйлар “Бошқаларникидан кам бўлмасин!” шиори остида ўтаётгани таассуфли. Юқорида таъкидлаганимиздек, тўйларда биз серчиқим “замонавий удумлар”ни эмас, асл қадриятларимизни акс эттирувчи удумларни кўрсак, улардан маънавий озуқа олсак, каттаю кичикка бирдек фойдали бўларди.

Юртимизда азалдан тўйлар миллий қадриятларимизга мос, ортиқча дабдабабозликларсиз ўтказиб келинган. Лекин сўнгги йиллардаги никоҳ тўйларига эътибор қаратадиган бўлсак, ортиқча безаклар ёки янгича урфлар ўйлаб топилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бундан бир неча йиллар илгари келин-куёвлар замонавий русумдаги машиналарда айланишган бўлса, эндиликда айрим шаҳар ва туманларда келин-куёвлар от аравада сайрга чиқишни одат қилишган. Қолган меҳмонлар эса уларнинг изларидан машиналарда боришади.

Ҳудудларимизда оилаларга фақат ортиқча чиқимлардан бошқа бирор наф келтирмайдиган айрим урф-одатлар мавжуд. Уларни қисқартириш мақсадида маҳалла оқсоқоллари, имом-хатиблар ва ёшлар иштирокида турли учрашувлар ўтказиш орқали таъсир доирани кенгайтириш мумкин.

Тўйларни ихчам, ортиқча дабдабабозликсиз ва исрофгарликсиз ўтказишда, аввало, халқимизнинг миллий қадриятларига асосланган тўй маросимларини ташкил этиш ҳамда жамоатчиликка намойиш этиш ижобий самара беради, назаримда. Бунинг учун, аввало, биз раҳбарлар шахсий намуна бўлишимиз ва тўйларимизни миллий қадриятларга мос равишда ихчам ҳамда камчиқим қилиб ўтказишимиз керак. Зеро ҳеч бир дабдабали тўй ҳали мақтаб гапирилмаган, аксинча унинг камчиликлари ва исрофгарчиликлари доимий танқид остида гапирилган. Халқнинг ва Аллоҳнинг нафратига дучор бўлишдан ўзи асрасин.

Жасур Болтаев,

Пахтачи тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

2015-2024 © Пахтачи туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM