
Арслоннинг юраги – ўзбекнинг юраги.
Ислом Шоир Назар ўғли
Иккинчи жаҳон урушининг энг авжига чиққан палласи Украина ҳудудида кечган аёвсиз жангларда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек ўғлони Қудрат Суюновни юртдошларимиз яхши билишади. У кўрсатган жасорат ҳақида шеърлар битилган, китоблар ёзилган, фильмлар ишланган. Қаҳрамон туғилиб ўсган Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уюштириладиган асосий тадбирлар унинг мардонавор сиймоси акс этган ҳайкал пойида ўтказилади.
Самарқанд вилоятидаги собиқ Пахтакор туманининг Пўлатчи қишлоқ кенгаши таркибига кирувчи Урғуч қишлоғида 1919 йилнинг 6 февралида таваллуд топган Қудрат отадан жуда эрта жудо бўлган ва онасига кўмаклашиш мақсадида турли хил хизматларни бажаришга мажбур бўлган. Тақдир сийламаган Қудрат ёшлигидан ўзи яшаган “Париж коммунаси” жамоа хўжалигида ишлаб суяги меҳнатда қотган.
1939 йилда Пахтакор туман ҳарбий комиссариати томонидан армияга хизматга жўнатилган. Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунлариданоқ жангга кирган Қудрат Марказий фронт таркибидаги 13-армиянинг 74-ўқчи дивизияси 109-ўқчи полкида ефрейтор, сержант унвонларига эга бўлиб, бўлинма командири даражасига кўтарилган. Қудрат сидқидилдан хизмат қилиб, кўпчиликка намуна бўлган. Урушдаги жангу жадаллар Қудратнинг ҳарбий маҳоратини оширган.
1941 йилда бўлган оғир жангларнинг бирида олдинги сафларда бориб, чап оёғидан яраланган. Жанговар хизмати учун унга ҳарбий таътил берилган. Пахтакор туманига келиб ўз таассуротларини сўзлаб берган. Таътилни тугатиб, яна ҳарбий қисмга қайтиб кетган.
1943 йилнинг кузида 109-полк Берлин томон жангга отланган. Жангчилар Украинанинг Чернигов вилояти Корон туманидаги Оболонье қишлоғи яқинида Десна дарёсини кечиб ўтишган.
Маълумотларда келтирилишича, дарёнинг ўнг қирғоғидаги ҳудуд – тепаликлар, жарликлар, бошқа иншоотлар фашистлар томонидан эгалланган ва қаттиқ ҳимояланган эди. Пулемётдан тинимсиз отилган ўқлар аскарларни ер бағирлаб, судралиб олға силжишга мажбур қиларди. Асосий мақсад бир қарич бўлса ҳам олдинга интилиш ва ажал уруғини ёғдириб олов пуркаётган даҳшатли пулемёт овозини ўчириш эди. Қудрат бошчилигидаги бўлинма ажал балосига бошқалардан кўра энг яқин борганди. Шунда у ер бағирлаб душман томонга ҳаракатланади ва имкон қадар яқинлашгач, белидаги гранаталар боғламини ирғитиб, пулемёт жойлашган дзотни яксон қилади ва қўшинларнинг олға силжишини таъминлайди. Бироқ бу ҳаёт-мамот жангида Қудратнинг ўзи ҳам оғир яраланган эди. Ҳушсиз ҳолда госпиталга олиб келинган қаҳрамон жарроҳлик столида вафот этади.
Қудрат Суюновнинг жанговар дўстлари уни Украинанинг Чернигов вилояти Десна дарёси яқинидаги Корон тумани биродорлар мозоридаги қайин дарахти тагига дафн қилишган.
1943 йил 16 октябрдаги Олий Фармонга асосан ўз ҳаётини душманнинг ўқ отиш нуқтасини йўқ қилиш учун мардона бағишлаган сержант Қудрат Суюнов Қаҳрамон унвонига сазовар бўлган.
Фармон “Красная звезда” газетасининг 1943 йил 17 октябрдаги 246-сонида эълон қилинган. Аммо рўйхатда 85-рақам остида мукофотланган жангчи фамилиясининг Қуюмов шаклида берилиши бирмунча вақт муаммо туғилишига сабаб бўлди.
Ҳамюртимиз Қудрат Суюнов тўғрисида ўзбек тилида “Сўнмас ҳаёт”, рус тилида “Бессмертие” қиссаларини ёзган адиб Зиннат Фатхуллин бу хусусда шундай ёзган:
– Биз, 1-Украина фронтининг “Ватан шарафи учун” газетасида ишловчи ўртоқлар “Қуюмов” аслида “Қаюмов” бўлса керак, деб ўйладик. Мен, Қаюмов номи билан қисқагина бир очерк ҳам ёздим. Лекин бу билан қаноатланиб қолмадим. Қудратнинг жасорати ҳақида каттароқ бир нарса ёзиш ниятида унинг хизмат қилган қисмини қидира бошладим. Уруш охиригача кўп қисмларда бўлдим. Бироқ, унинг қисмини сира учрата олмадим. Ниҳоят, бир кун, жангдан чиқиб дам олаётган бир бўлинмага бориб қолдим. Шу вақт роталарнинг бирида кечки йўқлама бўлаётган эди. Рота командири “Суюнов!” деб чақирди. Бир рус солдати “Мен!” деб жавоб берди. Мен шу оннинг ўзидаёқ Қудрат Суюновнинг бўлинмасига бориб қолганимни пайқадим. (Ҳарбий анъанага кўра қаҳрамонларнинг фамилияси вафотидан кейин ҳам йўқламаларда ўқилган - муаллиф). Шунда Қудратнинг фамилияси “Қуюмов” ҳам, “Қаюмов” ҳам эмас, “Суюнов” эканлиги, СССР Олий Совети Президиумининг Фармонида “С” ўрнига “Қ”, “Н” ўрнига “М” ёзилиб, Суюнов “Қуюмов” бўлиб қолганлиги маълум бўлди.
Мен шу бўлинмада бир кеча туриб, Қудратнинг жанговар дўстлари ва командирлари билан суҳбатлашдим, Қаҳрамон тўғрисида қизиқ-қизиқ гапларни эшитдим. Қудратнинг жанговар ҳаракатлари тўғрисида материал тўплаш ана шундай бошланди.
Фронтдан қайтиб келганимдан кейин Қаҳрамоннинг юртига бордим, онасини, ёру дўстларини кўриб сўзлашдим, шундан кейин Қудрат ҳақида сценарий ёзиб, сўнгра повесть ёзишга киришдим. Шуниси қизиқки, Қудратнинг қаҳрамонлиги тахминан 1951 йилларгача аниқланмай келди. СССР Олий Совети Президуми ҳузуридаги мукофотланганларнинг рўйхатини ва ҳисобини олиб бориш бўлими ҳам ўзининг 1946 йилнинг 27 июнида Қудратнинг онасига ёзган хатида: “Ўғлингиз Қудрат Суюнов, Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган солдат ва офицерлар рўйхатида йўқ”, деб жавоб берган эди. Менинг ўзбек тилида “Сўнмас ҳаёт” ва рус тилида “Бессмертие” номли повестим босилиб чиққандан кейин Қудратнинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони эканлиги қатъий аниқланди. Бу, Қудратнинг онаси Шарофат холанинг менга ёзган хатидан маълум бўлди.
“... Мен, – дейди у ўз хатида, – Самарқанд области Пахтакор район Пўлатчи қишлоқ советидаги “Париж коммунаси” колхозида яшовчи Бўронова Шарофат, ўғлим Суюнов Қудратнинг Совет Иттифоқи Қаҳрамони эканлигини очишда ёрдам берган повестингиз учун сизга раҳматлар йўллайман.
Ўғлимнинг Совет Иттифоқ Қаҳрамони эканлиги аниқлангандан кейин менга давлат томонидан шахсий пенсия тайинланди. Ўғлимнинг номини абадий сақлаш мақсадида колхозимиздаги 20- (37) сон ўрта мактабга Суюнов Қудрат номи берилди. Бунинг учун Ҳукуматимиздан чексиз миннатдорман... Бўронова Шарофат.15/V 54 йил”.
Оболонье қишлоғидаги 32-мактабга 1943 йилдаёқ Қудрат Суюнов номи берилган, кейинчалик қаҳрамонинг буюсти ҳам ўрнатилган. Худди шундай ёдгорлик Оқтош шаҳрида ҳам мавжуд. Самарқанд – Бухоро йўлининг чап томонида Зиёвуддин шаҳарчасига кирадиган йўлнинг ўнг томонида эса унинг улуғвор ҳайкали қад ростлаб турибди. Ҳайкал атрофида хиёбон барпо этилган. Ўзбекистон халқ рассоми Аҳмаджон Шоймуродов томонидан яратилган бу маҳобатли ҳайкал бугун Пахтачи тумани кўркига кўрк бағишлаб турибди.
Қудрат Суюновнинг мардлиги ҳақида ҳикоя қилувчи “Ой бориб, омон қайт” фильмини кўпчилигимиз қайта-қайта томоша қилганмиз ва қалбимизда миллатдошимиз жасоратидан фахр-ифтихор тўйганмиз, унинг мардлиги Ватанга садоқатнинг олий тимсоли сифатида онгимизга муҳрланган.
Қолаверса, Иккинчи жаҳон уруши Қаҳрамони Қудрат Суюнов тўғрисида “Хотира” китобининг (1994 йил) 273-бетида, “Ўзбекистон Республикаси Хотира китоби”нинг (1995 йил) 245-246-бетларида, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”нинг 8-жилди (2004 йил) 170-171- бетларида, “Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари” (“Шарқ”, 2020 йил) китобининг 269-бетида, “Зиёвуддин тарихи” китобининг (“Шарқ”, 1995 йил) 272-273-бетларида, “Зиёвуддиннинг забардаст ўғлонлари” (“Zamin nashr”, 2021йил) китобининг 16-20-бетларида маълумотлар берилган. Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи”да ўтган йили Қудрат Суюнов ва унинг онасига ҳайкал қўйилди.
Ажабланарли томони шундаки, Қудрат Суюновнинг қаҳрамонлиги тўлиқ эътироф этилган бўлишига қарамасдан, ҳалигача бирор кўчага унинг номи берилмаган. Аслида, Зиёвуддин шаҳридаги ҳайкал ўрнатилган кўчани халқ ўзаро суҳбатларда “Қудрат Суюнов кўчаси” деб атайди. Амма кўчанинг расмий номи бошқа. Балки кўчанинг номини халқ хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, қайта номлаш мақсадга мувофиқ бўлар? Ахир Ватанимиз озодлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган қаҳрамонларимизни қадрлаш, эъзозлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.
Исмат САНАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Турон ФА академиги, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, туман кенгашининг депутати