СУДЛАР ФАОЛИЯТИ ИСЛОҲ ҚИЛИНМОҚДА

Судлар фаолияти ислоҳ қилинмоқда

 

2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-6034-сонли фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонда суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилмоқда:

  1. Вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди

Вилоят судларида судьялар сонининг камлиги ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига 20 мингдан ортиқ ишларнинг олиб берилишига, натижада фуқароларнинг сарсонгарчилигига сабаб бўлган.

  1. Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш. Бунда:

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади;

туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади

  1. Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш.

2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин