1941 йил 22 июнь – Немис фашистлари собиқ СССРга уруш бошлаган кун Москва Кремли Иккинчи жаҳон урушида фашистлардан қандай ҳимоя қилинган эди?

Жорий йилнинг май ойида Москвада немис фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги катта тантаналар билан нишонланиши кўзда тутилган эди. Афсуски, бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси сабабли бу катта байрам ўз вақтида нишонланмади. Лекин Россия Федерацияси президенти В. Путиннинг қарорига кўра, Ғалаба паради шу йилнинг 24 июнь куни Қизил майдонда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумки, Қизил майдонда жойлашган Кремль 9 асрдан бери (1156 йилда князь Юрий Долгорукий буйруғи билан қурилган) Москва шаҳрига беқиёс кўрк бағишлаб турибди. Албатта, газетхонни Москва Кремлининг Иккинчи жаҳон урушидан қай тарзда омон қолгани қизиқтириши шубҳасиз. Чунки, немис-фашист қўмондонлиги "Марказ" деб номланган армиялар группасига 1941 йилнинг 30 сентябридан 77 дивизия (бир миллионга яқин киши), 1700 та танк, 950 та самолёт, 14 мингга яқин тўп ва миномёт билан ҳужум бошлаган эди. Фашистларга қарши эса собиқ Совет қўшинларининг 95 дивизияси (800 мингга яқин киши), 780 танки, 545 та самолёти, 6800 та тўп ва миномёти қарши қўйилган эди, холос.

Тўғри, ҳали Германия билан уруш бошланмасданоқ Кремлни душмандан ҳимоя қилиш чоралари обдон ишлаб чиқилган эди. 1941 йилнинг 26 мартида, ҳатто, ўқув машқлари ҳам олиб борилган эди. 1941 йилнинг 22 июнь куни эрталаб соат 8.30 даёқ Кремль коменданти бинони қаттиқ қўриқлаш ҳақидаги буйруқни имзолади. Сентябрь ойига келиб эса душманнинг Москвага яқин келиб қолганини ҳисобга олиб, комендант Кремлни портлатиш учун 4 тонна портлатгич, детанатор ва махсус симлар билан таъминлашларини сўраб, бошлиқларига мурожаат қилди...

Унгача эса, 26 июнда комендант Николай Спиридонов СССР ҳалқ комиссарлари Совети раиси Лаврентий Бериядан академик-архитектор Борис Иофан гуруҳи Кремль деворларини фанер-тахталар билан тўсиш ва турли турар-жой бинолари кўринишидаги қопламаларни турли рангларга бўяш учун рухсат олганди. 28 июнда фаолиятини бошлаган Б. Иофаннинг гуруҳи ишни Кремль жойлашган кўчанинг икки томонига ҳам фанерлар ўрнатиб, уларга бинолар томини чизиб, шаҳарнинг ёлғондакам "кварталлари"ни барпо этди. Кремлнинг қизил деворлари, тоши турли ранглар билан бўяб ташланди. Буюк Иван қўнғироқхонасини душман ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун яшириш жуда қийин кечди. Чунки, ўша пайтларда бу бино Москвадаги энг баланд қурилишлардан бири саналарди. Бу бинодан тўрт бурчакли тамғаларни олиб ташлашга, минорадаги беш юлдузни фанер тахта билан беркитишга, бинони унча кўзга ташланмайдиган рангга бўяшга тўғри келди.

Ўқувчиларга фашистларнинг самолётлари урушнинг учинчи куниёқ – 1941 йилнинг 24 июнь куни Москва шаҳри устидан жосуслик мақсадида учганини (шу куни бирорта ҳам бомба ташламаган эди, орадан бир ой ўтиб – 22 июль куни кечаси Кремль ҳудудида 6 соат мобайнида ҳужум қилганини айтиб ўтиш жоиздир. Ўша куни Москвага немис учувчилари 1951 та фугас ва 56.620 та ёндирувчи бомбаларни ёғдиришди. Натижада 6380 нафар киши жабр кўрди, уларнинг 1327 нафари ҳалок бўлди. 250 килограммлик фугас бомбаларнинг бири Катта Кремль саройига келиб тушди. Лекин, қандайдир тасодиф туфайли бу бомба портламай қолган эди.

1941 йилнинг 12 август куни ярим тунда Москва устида бир моторли кичик самолёт уча бошлади. Шаҳар қўриқчилари самолётни ўзлариники деб билиб ўқ узмадилар. Орадан ярим соат ўтиб, бу самолёт ортидан қуюқ тутун қолдириб Кремль устидан икки марта айландида, тезда ғойиб бўлди. Орадан бир пас ўтиб разведкачи самолёт қолдирган тутунни нишонга олиб, бомба ташувчи самолётлар фугас бомбаларни ташлашди: уларнинг бири Арсенал деворининг шарқий қисмини бутунлай ўпириб ташлади. Кичик Арсенал ҳовлисидаги гараж, ётоқҳона, горнизон бўлинмаси ҳам қаттиқ шикастланди. 13 нафар кишининг жасадини харобалар тагидан олиб чиқиш осон кечмади. Шундан сўнг, Сталин кабинети ва собиқ Сенат бинолари деразаларини алмаштиришга тўғри келди.

Умуман олганда, 1941 йилнинг 21 июлидан 1942 йилнинг ўрталаригача Москва шаҳрини бомбардимон қилиш учун 95 марта тунги, 30 марта кундузги парвозлар амалга оширилди. Бунда 7202 та самолёт қатнашган бўлиб, уларнинг 388 тасигагина шаҳарга кириш насиб этган. 1942 йилнинг 29 мартида Кремль ҳудудида охирги бомба портлади. 15 апрелга келиб эса Кремлга ўрнатилган "алдоқчи архитектура" қопламалар (маскировка) олиб ташланди. Кремлни бомбардимон қилишга уриниш 1943 йилнинг августига қадар давом этган бўлса-да, бу ҳудудга бирорта ҳам бомба келиб тушмади.

1941 йилнинг июнидан 1945 йилнинг май ойига қадар Москва Кремли ҳудудида рўй берган воқеа-ходисалар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин, ҳали кенг оммага ошкор қилинмаган воқеалар ҳам анчагина. Бизнингча, 1941 йил 7 ноябрда Қизил Майдонда ўтказилган парад атиги 25 дақиқа (соат 9.00 дан 9.25 гача) давом этганини, ҳарбий парадда атиги бир нечта қисм аскарлари қатнашганини, Сталиннинг сўзи фақатгина радио орқали берилганини, бу нутқ Қизил Майдонда эмас, Кремлнинг Свердлов концертлар залида ёзиб олиниб, эфирга узатилганини ҳануз кўпчилик яхши билмаса керак. 1945 йилнинг февралида Лениннинг ҳоки Мавзолейга қайтарилди, 1 майда эса Кремль минорасидаги беш юлдузлар яна порлай бошлади...

Иззатулла НОРҚУВВАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.