Пахтачи туман ҳокими В.Раҳимовнинг Наврўз умумхалқ байрамида туман аҳолисига йўллаган байрам табриги

Ассалому алайкум азиз тумандошлар, ҳурматли меҳмонлар!

Барчангизни орзиқиб кутилган қадимий, мустақиллигимиз туфайли қайта тикланиб, янада чирой очган байрамимиз – Наврўзи оламнинг ўлкамизга кириб келиши билан самимий муборакбод этаман.

Мустақил Республикамиздаги каби туманимизда ҳам яшариш ва яшнатиш фасли бошланди. Халқимиз азалдан-азал ушбу қадимий ва миллий байрамни ўзгача руҳда нишонлайди. Элимизда Наврўз шамоли эсиши билан деҳқон ерга уруғ сочади, боғбон кўчат экиб, боғлар яратиш иштиёқида куйиб-пишади, чўпон бир отардан икки отар яратиш мақсадида қўзилатиш мавсумини янада авж олдиради. Буларнинг барчаси – эртанги кун орзуларидан, фаровон ҳаётга бўлган ишончдан далолатдир.

Туманимизда ана шу қутлуғ кунни муносиб кутиб олиш учун баракали меҳнат қилинди. Бутун мамлакатимизда бўлгани сингари кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Туманимиз бўйича кўплаб мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилди. Боғларда дарахтларга шакл бериш, кузги ғаллазорларни ўғитлаш, ғалла майсаларини маромида парваришлаш каби дала юмушлари қизғин олиб борилмоқда. Ариқ ва зовурлар қазилиб, сув йўллари тартибга келтирилди. Бу ишлар замирида эса, энг улуғ ва қадимий байрамимизни кутиб олишдек эзгу ният бор. Ўлкамизни яшилликка буркаш мақсадида ободонлаштириш ойлиги эълон қилиниб, у кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Наврўз табиатнинг уйғониш, яшариш даврига тўғри келади. Борлиқ уйғонар экан, инсон руҳияти ҳам янгиланади. Яшилликка бурканаётган қиру адирлар, гуллага кўмилаётган боғларни, баҳор қуёшининг илиқ тафтидан баҳра олиб ғимирлаб қолган жонзотларни кўриб инсон билагида куч, кўнглида Янги умид ва орзулар пайдо бўлади. Юракда яратиш, яшнатиш ҳисси жўш уради. Одамлар табиатдан олган ҳисларини, меҳр-муҳаббатини бир-бирларига изҳор қилишга шошиладилар.

Шу сабабли Наврўз арафасида ва байрам кунлари эски гина-кудуратлар унутилган, ёмонликлар эсдан чиқарилган. Ҳамжиҳатлик мустаҳкамланган.

Наврўз – ҳаёт абадийлигининг, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, шу билан бирга, бизнинг неча минг йиллик миллий қиёфамизнинг, урф-одатларимизнинг магулиги ифодасидир.

Ана шу қутлуғ кунларда, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, ногиронлиги бўлган ва етим-есирлар кўнглини кўтариш каби эзгу ҳислатлар бизга ота-боболаримиздан қолган азалий мерос.

Юртимиздаги ана шундай самимий дилкаш муносабатларни кўрганда, биз қандай саховатли ва меҳрибон, кўнгли очиқ халқнинг фарзандалари эканимизни яна бир бор чуқур англаймиз ва бундан қалбларимиз беихтиёр ғурур ва ифтихорга тўлади.

Бугун шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Наврўзи олам мана шундай ёруғ кунларда юрагимизда кечаётган олижаноб ҳис-туйғуларни намоён этиб, бир-бримизга меҳр-оқибат кўрсатиш, кексаларни зиёрат қилиш, ногиронлар, беморлар ва кўмакка муҳтож одамларга беминнат ёрдам беришдек бетакрор фазилатлари билан Ватанимиздаги барча миллат ва элатлар учун азиздир.

Азиз юртдошлар!

Айни кунларда бутун халқимиз ўз олдиларига қўйган юксак вазифа ва марраларни амалга ошириш йўлида эртанги кунга катта ишонч билан дала ишларини қизғин бошлаб юбордилар. Туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари Наврўз айёмининг мана шундай шукроналик ва мамнунлик кайфиятида, хурсандчилик билан кутиб олаётганимиз – буларнинг барчаси кўзлаган юксак марраларимизга, орзу-ниятларимиз ва мақсадларимизга албатта эришамиз, – деган қатъий ишонч туғдиради. Чунки халқимизда қадимдан Янги йилнинг серҳосил ва омадли бўлиши Наврўзнинг қандай келишига, уни қандай кутиб олинишига боғлиқ, деб бежиз айтишмаган.

Азиз тумандошлар!

Юртимизда 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб аталгани зиммамизга катта масъулият юклайди. Бир ёқадан бош чиқариб юртимизни янада обод қилиш, одамларимизнинг ҳаёт даражасини янги босқичга кўтариш, уларнинг ақл-заковати, куч-ғайрат ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб бериш йўлида долзарб вазифаларни амалга оширишимиз керак. Ишонаманки, қатъиятли туманимиз меҳнат аҳли бу муҳим вазифаларни кўнгилдагидек адо этадилар.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Сиз азизларни яна бир бор Наврўзи айём билан чин қалбмдан табриклайман. Хонадонингиздан меҳр-оқибат, қут-барака аримасин. Барча орзу ниятларингиз рўёбга чиқсин. Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, халқимиз омон бўлсин. Барчангизга Наврўзи олам муборак.

2015-2024 © GOVERNMENT OF PAKHTACHI DISTRICT. Maked by: SAKTRM