Пахтачи тумани ҳокими Рахимов Воҳид Санақуловичнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирида сўзлаган нутқи

Пахтачи тумани ҳокими Рахимов Воҳид Санақуловичнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирида сўзлаган нутқи

Ассалому алайкум, азиз тумандошлар, қадрли меҳмонлар!

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан жонажон Ватанимизни мустақил мамлакат дея эълон қилинганига 27 йил вақт ўтди. Ушбу табаррук сана республикамиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган, шу она-заминда яшаётган ҳар бир ватандошимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган кун сифатида ҳар қанча эъзозга лойиқ.

Азизлар, Истиқлол, аввало, халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ҳамда урф-одатларимизни қайтариб берган, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган улуғ неъматдир.

Мустақиллик биз учун ўз тақдиримизни қўлга олиб, юртимиздаги ер ости, ер усти бойликларига эга бўлиш ва беқиёс моддий ҳамда маънавий салоҳиятимизни юзага чиқариш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун кафолат, дегани ҳамдир.

Таъкидлаш ўринлики, мустақил республикамизнинг тинчликсевар, меҳнаткаш ва бунёдкор халқи тарихан қисқа вақт давомида асрларга татигулик даврни босиб ўтди. Эндиликда халқимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидаги каби турли иккиланишлар, қўрқув ва таҳликалардан бутунлай ҳоли тарзда келажакни аниқ кўрмоқда, эртанги фаровон кунларга қатъий ишонч билан яшамоқда.

Дарҳақиқат, истиқлолнинг илк кунларида мамлакат аҳолисининг маънавий-руҳий оламида бесаранжомлик, бирмунча саросималик ва ҳатто, айтиш мумкинки, изтиробли ҳолатлар юзага келганлигини унутмаймиз.

Шукурлар бўлсинки, ўша алғовли-далғовли кунлар ортда қолди. Мустақиллик яшаш тарзимиз ва руҳиятимизда инқилобий ўзгаришлар ясади. Юртдошларимиз тафаккури ва уларнинг ҳаётга бўлган муносабати, эртанги кун ҳақидаги тасаввури бутунлай ўзгарди. Кишиларимиз онгида демократик қадриятлар мустаҳкамланмоқда. Шу кунларда жонажон Ўзбекистонимизнинг қайси гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига гувоҳ бўласиз. Миллий ва замонавий архитектура талабларига ҳамоҳанг тарзда қад ростлаётган турли маданий-маиший иншоотлар, турар-жой бинолари, текис ва равон йўллар, боғу роғлар, ёшларимизнинг билим олишлари, уларнинг спорт, санъат ёки яна қайсидир йўналишларда ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун хизмат қилиб келаётган маънавий-маърифий масканлар виқоридан кўз қувонади.

Кўпни кўрган кексаларимиз дуога қўл очар экан, халқимизга тинчлик ва омонлик, кўнгилларга хотиржамлик, оилаларимизга тўкинлик, деҳқончилигимизга қут-барака, кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишларимизда барчамизга улкан зафарлар бўлишини тиламоқдалар. Ана шу каби эзгуликни улуғловчи дуолар ижобатидан дилларда масрурлик, қалбларда кўтаринки кайфият ҳукмрон.

Ўтиб бораётган йилдаги ишларимиз ҳам барча соҳаларда ўз салмоғини кўз-кўз қилмоқда. Инвестиция дастурига асосан кўплаб ижтимоий соҳа объектлари ва намунавий уй-жойлар қурилмоқда. 40-мактабнинг 120 ўринли қўшимча ўқув биноси, 35-мактабда спорт зал, 11-мактабда 180 ўринли қўшимча бино қурилаётир.

Шунингдек, 16-мактабгача таълим муассасасида 70 ўринли янги бино қад ростламоқда. 29-МТМда 70 ўринли, 32-МТМда ҳам 70 ўринли қўшимча янги бино қурилиши жадал кечмоқда. “Истиқбол” маҳалласида ҳам 70 ўринли МТМ биноси бунёд этилмоқда. “Хумор” қишлоқ оилавий поликлиникасида катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Зиёвуддин шаҳарчасида эса ёпиқ сув ҳавзаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси бинолари қурилишига киришилмоқда.

“Жаҳонобод” массивида 3 та 2 қаватли 4 подъездли 2-3 хонали уйлар қурилмоқда. Шунингдек, 46 та янгиланган лойиҳадаги 2 сотихли 2-3 хонали арзон уй-жойлар барпо этилмоқда. “Амиробод” массивида ҳам 1 қаватли 5 та уй-жой қурилмоқда. Ичимлик суви қувурларини ўтказиш, алмаштириш ишлари Зиёвуддин шаҳарчаси ва “Можор”, М. Салимий маҳаллаларида қизғин тус олган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги 2018 йил 28 июндаги 488-сонли қарорига асосан туман бўйича бирмунча объектлар қурилиши режалаштирилган. Хусусан, 46-мактабни реконструкция қилиш, 21, 34-мактабларни мукаммал таъмирлаш шулар жумласидан. Шунингдек, ушбу дастур асосида 2, 36, 40, 42, 44, 46-мактаблар учун қўшимча спорт заллари бунёд этилади. “Ҳайит Элбеги” оилавий поликлиникаси реконструкция қилинади.

Аҳолимиз “Обод қишлоқ” дастури асосида “Фаровон Йўлдошобод” ва “Қиргули” маҳаллаларидаги Янгиобод, Қиргули қишлоқларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўлиб туришибди. Умуман, бугун қай бир қишлоқ, хонадонда бўлманг, қурилиш, ободонлаштириш ишларини кўриб дилингиз яйрайди.

Азиз юртдошлар!

Мустақиллик – буюк неъмат. У туфайли бугунги кунда халқимизнинг эзгу тилаклари рўёбга чиқмоқда, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортмоқда. Юртимизда барча миллат ва элатлар вакиллари тенглар ичра тенг ҳаёт кечирмоқда. Аниқ мақсадлар йўлидаги бунёдкорлик ишларимиз амалий натижалар бера бошлаган, кўзлаган режаларимиз босқичма босқич рўёбга чиқиб, давлатимиз дунё ҳамжамиятидан ўзимизга муносиб ўрин эгаллаб бораётган ҳозирги кунда халқимиз қалбидаги ана шу юксак ишонч ҳисси янада мустаҳкамланмоқда.

Қадрли дўстлар!

Барчангизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – озод ва обод Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо, халқимиз соғ-омон бўлсин, юртимиздан тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ва фаровонлик ҳеч қачон аримасин.

2015-2024 © GOVERNMENT OF PAKHTACHI DISTRICT. Maked by: SAKTRM