Мурожаатнома: парламент ва депутатлар назорати кучайиши зарур

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олди. Эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилди, масалалар очиқ-ойдин баён қилинди, янги ечимлар таклиф қилинди. Шунинг учун Мурожаатномани диққат билан тингладик, муҳим хулосаларга эга бўлдик.

Президентимизнинг 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном бериш таклифи йиғилганлар томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Чунки, ҳеч ким ёшлар масаласига бефарқ бўла олмайди.

Президентимиз ҳозирги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар фарзандларимиз борлигини айтиб, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши учун кўмаклашиш, оғир касалликка чалинганларни даволаш, чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиздир, деб алоҳида таъкидлаб ўтди.

2021 йилда биринчи марта давлат бюджетидан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали йиллар давомида паноҳсиз қолган, қонуний ҳақ-ҳуқуқи учун идорама-идора югуриб юрган ёшларнинг қалбига ёруғлик киради, энг катта орзулари ушалади, деб ўйлайман.

Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади. Бола ҳуқуқларини муҳофаза этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш бизнинг жамиятимизда ўта долзарб масалалигича қолмоқда. Халқ демократик партияси депутатлари ушбу масалани бир неча маротаба атрофлича ўрганиб, таклифлар берди.

Мурожаатномада бола ҳуқуқлари масаласида қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш, унга 100 млрд. сўм ажратиш, фонд маблағларини йил давомида ошириб бориш вазифаси қўйилди. Болалар омбудсмани тўғрисида қонун қабул қилиш зарурати тушунтирилди.

Албатта, бу режалар, бу эзгу ишлар замирида тоза ният, улуғ ғоя мужассам. У ҳам бўлса, болаларнинг кўнглини ўкситмаслик, уларга имконият ва шароит яратиб беришдир.

Бир масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Мурожаатномада ижро ҳокимияти, вазирлик-идоралар, ҳокимликларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш борасидаги масъулиятини кучайтириш, бу борада давлат бошқарувини такомиллаштириш, парламент, депутатлик назоратини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Хусусан, парламентга маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини тубдан ислоҳ этишга, қуйи тизимида вазифа ва ваколатларни аниқ ва қатъий белгилашга хизмат қиладиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Қабул қилинган қонун, қарор ва фармонлар жойларда қай даражада ижро этилаётгани, мутасаддиларнинг янгилик ва ўзгаришлардан, вазифаларни амалга ошириш механизмларидан хабардорлигини ошириш ҳам долзарб масалага айланган. Сайлов округларига бориб, назорат-таҳлил тадбирлари, ўрганишлар ўтказганимизда бу йўналишда ҳали олдинда кўп вазифалар борлигига амин бўлган эдик.

Президентимиз аҳолини ўйлантираётган муаммоларни қисқа вақтда ва тизимли ҳал этиш учун зарурат бўлса, вазирлар, ҳокимларни парламентга чақириб эшитиш, уларнинг олдига масалани қатъий қўйиш кераклигини таъкидладилар.

Парламент, депутатлар фаолиятини кучайтиришда, мутасаддиларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини оширишда мана шу йўналишдаги ишлар катта аҳамият касб этади, биз, депутатлар қатъият кўрсатсак, муҳим амалий натижаларини беради, деб ўйлайман.

Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

2015-2024 © GOVERNMENT OF PAKHTACHI DISTRICT. Maked by: SAKTRM